Ҳажи акбар – энг улуғ ҳаж, катта ҳаж маъносини англатади. Мўътабар китобларимизда бу ҳажнинг ажри ва фазилати катта эканлиги айтилади. Ҳажжи акбар ҳақида уламолар, хусусан, ҳанафий олимлари алоҳида рисолалар битганлар.
عَنْ طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ قَالَ صَلَّى اللَّهُ تَعَالَى عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »أَفْضَلُ الْأَيَّامِ يَوْمُ عَرَفَةَ وَإِذَا وَافَقَ يَوْمَ جُمُعَةٍ فَهُوَ أَفْضَلُ مِنْ سَبْعِينَ حِجَّةٍ فِي غَيْرِ يَوْمِ جُمُعَةٍ« أَخْرَجَهُ رَزِينٌ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кунларнинг энг афзали арафа кунидир. Агар у жума кунига тўғри келса, жумадан бошқа кунга тўғри келмаган етмишта ҳаждан афзалдир!», дедилар” (Имом Разийн ривояти).
Тўғри, ушбу ҳадиснинг санади борасида бироз мулоҳазалар бўлсада фазилатли амаллар борасида унга амал қилса бўлади.
Бир амалнинг ажри-савоби уни муборак замон ва муборак маконда қилинишига қараб ҳам зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳаж – Арафотдир” деганлари ва жума кунининг жуда кўп фазилати борлиги ҳамда Ҳажжатул вадоълари ҳам айни жума кунига тўғри келгани шу ва шунга ўхшаган қатор сабаблар юқоридаги ҳадиси шарифни қувватлайди.
Шунингдек, ҳажи акбар тўғрисида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу-нинг 9 ҳижрий санада қилган ҳажлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг ҳажлари, Қурбон ҳайити жумага кунига тўғри келса, Арафот майдонида туриш жума кунига тўғри келса, Минода туриш кунлари жума кунига тўғри келса, Қирон ҳажи ҳажжи акбар ифрод ҳажи ҳажжи асғар дейилади, ҳаж ҳажи акбар, умра ҳажи асғар, дейилади каби қарашлар ҳам мавжуд. Ушбу турли қарашларнинг ҳар бирининг далиллари мавжуд. Бу хилма-хиллик Қадр кечаси ҳақидаги хилма-хилликка ўхшайди. Нима бўлганда ҳам, барча фазилатлар муборак ҳаж зиёратига тегишлидир.
Хулоса қилиб айтганда ушбу масала ҳалол-ҳаром ҳақида бӯлмагани сабабли одамларни имон-ихлоси, муҳаббатига қараб, савобли ишларга рағбатини ошириш мақсадида бу каби фазилатни қилиш, унга тарғиб этиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан