Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448

Ҳажнинг фарз, вожиб ва суннатлари (2 қисм)

28.06.2022   8961   3 min.
Ҳажнинг фарз, вожиб ва суннатлари (2 қисм)

Ҳажнинг фарзлари:

1. Эҳром;

2. Арафотда туриш;

3. Зиёрат тавофи.

Яна уларга тобе бўлган фарзлар ҳам бор. Ҳажнинг фарзларини бирма-бир санаймиз. Фарз амалларининг ҳукми шуки: ҳаж ибодати фақатгина уларни адо этиш билангина тўғри бўлади. Фарз амалларидан бирортаси тарк бўлса, ҳаж ибодати дуруст бўлмайди. Жонлиқ сўйиш билан у нуқсон кўтарилмайди. Ҳаж учун эҳром боғлаб, ҳажнинг фарзларидан бўлган зиёрат тавофини бажара олмаган киши эҳромдан чиқмай туради. Чунки ушбу тавоф то қудрати етиб, адо этилмагунига қадар зиммадан соқит бўлмайди

Ҳажнинг вожиблари:

1. Caфo вa Mapвa тeпaликлapи opacидa caъй қилиш;

2. Myздaлифaдa тypиш;

3. Toш oтиш;

4. Сочни олдириш ёки қисқартириш;

5. Taвoфyл видo қилиш;

6. Қypбoнлик cўйиш (қиpoн вa тaмaттyъ ҳажини ният қилгaнлapгa).

Вожибнинг ҳукми: вожиб бўлган амаллардан бирини тарк қилиш билан жазо лозим бўлади. Ҳажи ҳаж бўлса-да, узрсиз тарк қилинган ўринларда жонлиқ сўйиш вожиб бўлади.

Ҳажнинг суннатлари:

1. Эҳромгa киpиш yчyн ғycл қилиш;

2. Эҳромгa киpиш пaйтидa xyшбўйлик cypтиш;

3. Тавсия этилган ўринларда Лaббaйкa (талбия)ни aйтиб юриш; 

4. Тaвoфyл-қудум қилиш;

5. Тaвoф чoғида eтти мapтa yзлyкcиз aйлaниш;

6. Сaъйнинг eтти мapтa бopиб-кeлишини кeтмa-кeт қилиш;

7. Сaъйдa тaҳopaтли бўлиш;

8. Тoш oтишни кeчacигa қoлдиpмacлик;

9. Тaшpиқ кeчaлapи Mинoдa ётиш.

Ҳажнинг ҳаром ва макруҳ амаллари ҳам бўлиб, фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган.

Ҳаж қуйидаги далиллар билан фарз бўлган:

“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ҳаж ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирида фарз бўлган. Лекин маълум сабабларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша йили ҳаж қилмадилар. Кейинги йил ўнинчи санада жуда катта жамоат билан ҳаж қилдилар. Бу воқеа тарихда “Ҳажжатул вадоъ” – видолашув ҳажи номи билан машҳур.

Ҳажнинг фарзлиги Китоб, суннат ва ижмои уммат билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган киши балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар ҳаражатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларида бир марта ҳаж, тўрт марта умра қилганлар.

Давоми бор...

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди

27.07.2026   8622   4 min.
Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди

Ўзбекистон халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўзининг бой маънавий меросини жаҳон илмий ҳамжамияти билан боғлаш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда.

Ана шу жараённинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўмон Султонлигида фаолият юритувчи «Orabi International Group» ташкилоти раҳбари, таниқли тадқиқотчи ва жамоат арбоби доктор Муҳаммад Закария Оробий иштирокида Марказ кутубхонасига 1000 та ноёб китобни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Маросимда Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фанни ривожлантириш, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни ўрганиш ва жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб манбаларни Ўзбекистонга жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки кутубхона, балки ислом цивилизацияси тарихи, манбашунослик ва шарқшунослик бўйича халқаро илмий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

«Ўмон Султонлигидан тақдим этилган мазкур китоблар нафақат кутубхона фондини бойитади. Улар ислом цивилизацияси тарихи, ислом ҳуқуқи, тафсир, ҳадис, ақида, араб тили ва бошқа йўналишларда фундаментал тадқиқотларни кенгайтириш учун мустаҳкам манба вазифасини бажаради. Бу эса янги авлод олимларини тайёрлашга ҳам хизмат қилади», — деди Гулнора Ғаниева.

Доктор Муҳаммад Закария Оробий ушбу китоблар тақдимотини икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликнинг рамзий воқеаси сифатида баҳолади.

«Бу шунчаки китоблар эмас. Бу илмга бўлган ҳурмат, маърифатга садоқат ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган интеллектуал кўприкдир. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлаймиз. Бу марказ бутун ислом оламининг илмий меросини бирлаштирувчи нуфузли платформага айланишига ишонамиз», — деди доктор Оробий.

Унинг фикрича, кутубхоналар инсоният цивилизациясининг умумий хотирасини сақлайдиган масканлар бўлиб, ҳар бир китоб янги билим, янги ғоя ва янги илмий кашфиётларга йўл очади. Шу боис илмга сармоя киритиш келажакка сармоя киритиш билан тенгдир.

Маросимда иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов ҳам мазкур хайрли ташаббуснинг мамлакат илмий салоҳияти учун аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, араб дунёсида сўнгги йилларда чоп этилган фундаментал илмий адабиётларнинг Ўзбекистонга келтирилиши тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ва ёш олимлар учун ишончли манбалар базасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Тақдим этилган китоблар ислом тарихи, Қуръон тафсири, ҳадисшунослик, фиқҳ, ақида, араб тили, ислом цивилизацияси тарихи ва бошқа қатор йўналишларни қамраб олади. Улар орасида араб мамлакатларида сўнгги йилларда нашр этилган илмий асарлар ҳам мавжуд бўлиб, бу Марказ кутубхонасини минтақадаги энг бой ихтисослашган фондлардан бирига айлантириш имкониятини янада кенгайтиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон маданий дипломатия соҳасида фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий марказлари иштирокида халқаро ҳамкорлик кенгайиб, ЮНЕСКО, ICESCO ва қатор илмий муассасалар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўмон  Султонлигидан 1000 та ноёб китобнинг тақдим этилиши ана шу изчил давлат сиёсатининг яна бир амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Маросим якунида томонлар мазкур хайрли ташаббус Ўзбекистон ва Ўмон  Султонлиги ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидлаб, келгусида қўшма тадқиқотлар, китоб алмашинуви, илмий экспедициялар ва академик дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди
Ўзбекистон янгиликлари