Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларини тафсир қилиб берганлар. Шунга кўра, муҳаддислар асарларига “Тафсир китоби” номли алоҳида бўлим киритиб, унда оятлар тафсирига оид ҳадисларни келтиришган.
“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” номли бўлим бор. “Сунати Термизий”да ва Имом Насоийнинг “Сунани Кубро”сида “Китабут тафсир” номи билан тафсирга оид ҳадисларни келтирган.
Ҳадис асарларидаги тафсир китоби боблари оятлар номи билан номланган. Ушбу бобларда шу оятга боғлиқ ҳадислар нақл қилинган. “Тафсир китоби”да келган ҳадиси шарифларда сураларнинг барча оятлари тафсири баён қилинмаган, балки баъзи оятлар тафсири келтирилган.
Бунга қуйидаги ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин.
“Саҳиҳи Бухорий”нинг “Тафсир китоби”да Кавсар сураси бобида: «Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга кўтарилган пайтлари бундай деганлар: “Бир анҳор олдидан ўтдим. Икки қирғоқи ғовак дурдан чодирлар. “Бу нима, эй Жаброил?” дедим”. У: “Бу Кавсар”, деди»1, деган ҳадис келтирилган.
Кейинги ҳадисда бундай дейилган: «Абу Убайдадан ривоят қилинади. Ойша розийаллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг “Биз сенга Кавсарни ато этдик”2, деган сўзи ҳақида сўрадим. У: “Бу Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган анҳор бўлиб, унинг икки қирғоғи ғовак дурдир. Идишлари юлдузлар ададичадир”, деди»3.
“Саҳиҳи Муслим”нинг “Тафсир китоби”да келтирилади: «Ойша розийаллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг: “Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин”4 сўзи ҳақида бундай ривоят қилинади: “Бу оят етимнинг молини тасарруф қилиб турувчи ва уни яхши сақловчи валий, агар муҳтож бўлса, ундан еявериши ҳақида нозил бўлган”»5.
Шунингдек, “Сунани Термизий”нинг “Қуръон тафсири китоби”даги “Фажр сураси боби”да ушбу ҳадис келтирилган: «Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “шафъ” ва “ватр” ҳақида сўралдилар. У зот: “Унинг баъзиси жуфт ва баъзиси тоқ бўлган намоздир”, дедилар».
Ҳадис асарларининг “Тафсир китоби”да сура ва оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги ҳадислар келтирилган. Бунга ушбу ҳадисни мисол қилиш мумкин: «Абу Исҳоқдан ривоят қилинади. У киши айтади: “Мен Баро розийаллоҳу анҳудан бундай деяётганларини эшитдим: “Ансорлар ҳаж қилиб қайтиб келишса, уйларига фақат орқа томонидан киришарди. Ансорлардан бўлган бир киши (ҳаждан) келиб, уйининг эшигидан кирган эди, мана шу нарса борасида унга (ҳар хил гаплар) айтилди. Шунда: “Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...”6 ояти нозил бўлди»7.
Шунингдек, ҳадис асарларидаги “Тафсир китоби”да носих ва мансух оятлар, аввалги ва охирги нозил бўлган оятлар, қироатлар ва бундан бошқа маъноларга далолат қиладиган оятлар ҳақидаги ҳадислар келтирилган. .
Шокиржон МАДАМИНОВ,
ЎХИА 2-босқич магистранти
Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.
Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.
Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.
Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?
Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.
Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!
Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.
Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.
Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.
Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД