Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги бу йил ўз хизматларида замонавий технологиядан фойдаланиш мақсадида Smart Pilgrim иловасини ишга туширмоқда.
islam.ru хабарига кўра, илова зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан мулоқот қилиш ва ҳар қандай қоидабузарликлар ҳақида вазирликка тезкор хабар етказади. Бу эса вазирликка изоҳ ва шикоятларни кечиктирмасдан кўриб чиқиш имконияти яратади.
Ҳаж ва умра ишлари вазири ўринбосари Ҳишом Саиднинг айтишича, бу йилги Ҳаж мавсуми зиёратчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш учун учта йирик иловани ишга туширишдан ташқари, Ҳаж смарт-карта хизматларини ҳам кенгайтирди.
Унинг қўшимча қилишича, агар муаммо ўз вақтида ҳал етилмаса, шикоят автоматик тарзда Ҳаж ва Умра вазирлиги ҳузуридаги оператив марказга юборилади. Сўнгра махсус гуруҳ зудлик билан қоидабузарлик содир бўлган жойга етиб бориб, муаммони бартараф этиш чораларини кўради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Германиялик исломшунос олима, “Cultur-Cooperation International e.V.” ташкилоти раҳбари Кэтлин Гёбель I Халқаро ислом цивилизацияси форумидаги иштироки бўйича таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Олиманинг таъкидлашича, дунёнинг 50 та мамлакатидан келган етакчи олимлар, экспертлар ва жамоат арбобларини бирлаштирган ушбу нуфузли анжуман турли давлатлар ва илмий мактаблар вакиллари учун ўзаро ҳурмат, очиқ мулоқот ва ҳамжиҳатлик майдонига айланди.
Германиялик мутахассис Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий меросига юқори баҳо бериб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Хусусан, Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, замонавий музей ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилгани унда катта таассурот қолдирган.
Кэтлин Гёбель Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” эзгу ғоясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Унинг фикрича, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий, балки бутун минтақа ва халқаро ҳамжамият учун очиқ бўлган, исломофобия ва адоватга қарши билим ва маърифат билан курашадиган ноёб платформадир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати