Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибн Воил Саҳмий Қураший. Маккада, ҳижратдан етти йил олдин туғилди. Отаси Амр ибн Осдан аввал Исломни қабул қилди. Мадинага ҳижрат қилди. Набий алайҳиссаломдан таълим олди. Ибодат ва илмга ружу қўйди. Олдинига араб, кейин сурёний ёзувини ўрганди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ваҳий котибларидан. Миср фатҳида иштирок этди. Кейинчалик Мисрда яшаб, ўша ерда оламдан ўтди.
Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу фақат ибодат билан чекланиб қолмади. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хатти-ҳаракатларини кузатди, сўзларини эшитди ва феълларини ўрганди. Суннатларини қалбига жо қилди. Кейин у зот алайҳиссаломдан рухсат олиб, ҳадисларини саҳифаларга битди. Ёзганларини жамлаб ”Ишончли саҳифалар” деб атади. Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу бу ташаббуси туфайли ҳадисларни саҳифаларда жамлаган биринчи шахсга айланди. Ушбу саҳифалар ҳижрий биринчи ва иккинчи асрларда яшаган уламо, ҳофиз ва муҳаддисларга набавий суннатларга элтувчи ишончли эшикни очиб берди.
Саҳобаи киромнинг саъй-ҳаракати ва уринишлари ҳижрий учинчи асрда ўз натижасини кўрсатди. Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ сингари буюк муҳаддислар етишиб чиқди.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу мўминларнинг истиқболига Аллоҳнинг каломини тақдим этди. Бунинг учун у Қуръонни ёд олди. Сир-асрорлари ва баёнотларини ўрганди. Унда зикр этилган денгизларни тадқиқ этди. Мўъжизаларни кашф этди. Мусҳафни кечаю кундуз тиловат қилди.
ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМ РЎЗАСИ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳунинг узлуксиз рўза тутишидан хабар топдилар. Кейин унга: “Ҳар ойда уч кун рўза тутишинг етарли бўлади”, дедилар. Абдуллоҳ эса: “Бундан кўпига ҳам тоқатим етади”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳафтада икки кун рўзадор бўлишинг етарлидир”, дедилар. Абдуллоҳ яна: “Мен бундан кўпига қодирман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, сен учун энг яхши рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. У зот алайҳиссалом бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар”, дедилар. Сўнг: “Ҳар кечада Қуръони каримни хатм қилишингдан хабар топдим. Мен умринг узун бўлиб, Қуръон қироатидан малолланиб қолишингдан хавотирдаман. Қуръонни ойда бир маротаба ёки ўн кунда бир бор, ёхуд уч кунда бир бор хатм қилгин”, дедилар. Яна насиҳатларида давом этиб: “Мен рўза тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга никоҳланаман. Ким суннатимдан бош тортса, мендан эмас”, дедилар.
Амр ибн Ос Набий алайҳиссалом ҳузурларига ибодатларида муболаға қилаётгани учун ўғли Абдуллоҳдан яна шикоят қилиб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдуллоҳга: “Сенга буюрган нарсамни қил ва отангга бўйсун. Албатта, аёлингнинг сенда ҳаққи бор. Кўзингнинг сенда ҳаққи бор. Баданингнинг сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер”, дедилар.
Абдуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан таълим олишни давом эттирди. Мажлисларини қолдирмади. У зот алайҳиссаломдан ота-онага итоат – Аллоҳга тоат; Холиққа маъсият бўлганида махлуққа итоат йўқ; дин енгиллик, қийинчилик эмас; ибодатларда ўрталикни тутиш Исломнинг асоси; амалларнинг энг яхшиси ўртача ва давомийлиги; илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз экани кабиларни ўрганди.
ИМОМ ҲУСАЙН
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Масжиди Набавийда ҳамроҳлари билан бирга ўтираркан, олдиларидан Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумо ўтди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Само аҳли учун ер аҳлидан энг суюкли кишининг хабарини беришимни истайсизми? Бу инсон ҳозиргина олдимиздан ўтган Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумодир. Сиффин кунидан бери менга бирор нарса демади. Мендан рози бўлиши, мен учун қизил неъматдан яхшироқ эди”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр дўсти Абу Саид Худрий билан Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумони зиёрат қилишга келишиб олди. Икки биродар учрашди. Имом Ҳусайн:
– (Сиффин куни) Муовия билан чиқишингга нима мажбур қилди?
– Ўшанда отам Амр ибн Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Абдуллоҳ кундузлари рўза тутиб, тун бўйи намоз ўқийди”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эй Абдуллоҳ, намоз ўқи ва ором ол, рўза тут ва оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Отангга итоат қил”, дедилар. Сиффин куни отам менга улар билан чиқишимни ёлвориб сўради. Сўзларини қайтаролмадим. Лекин ҳеч кимга қарши қилич кўтармадим, найза отмадим, ўқ узмадим.
* * *
Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу умрининг сўнгги кунларида: “Қани энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатларини қабул қилганимда эди”, деб кўп бора орзулади.
Мўмин, обид, мард, қасами ва ваъдасига содиқ Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳунинг тили доимо Аллоҳнинг зикри билан намланарди. Рўза тутиб намоз ўқирди. Шундай бўлса ҳам доимо: “Қанийди Сиффинда иштирок этмаган бўлсам...” дер эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Манбалар асосида
Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.
Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати