Бугун, 23 июнь куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Макка шаҳрида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж қилиш неъмати ҳақида мавъиза қилиб бердилар.
Мулоқот аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, ҳаж сафари муваффақиятли ўтишини тилаб, дуолар қилинди.
Муфтий ҳазратлари сўзларида Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ шаҳарларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таолога шукрона келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилиш якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги Республика ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида мутахассислар учун “Электрон кутубхона маълумотлар базасини шакллантириш ва фойдаланиш асослари” мавзусида онлайн ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотлар давомида электрон каталоглар билан ишлаш, кутубхона фондларини рақамлаштириш, ноёб ва қимматли манабаларни сақлаш, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий ва хорижий маълумотлар базаларидан фойдаланиш бўйича муҳим билим ва кўникмалар берилди.
Шунингдек, соҳада қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича иштирокчилар батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Ўқув курслари якунида Республика ахборот-кутубхона маркази директори Асқар Газиев томонидан тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур тадбир ахборот-ресурс марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва замонавий электрон кутубхона хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎМИ Кутубхона бўлими