Қозоғистон пойтахтида янги масжид олдида 300 метрлик фавворали хиёбон пайдо бўлади, деб хабар бермоқда Нур-Султон шаҳар маъмурияти матбуот хизмати.
islam.ru маълум қилишича, ушбу янги масжид Қозоғистон ва бутун Марказий Осиёдаги энг катта масжид бўлиб, гумбазининг баландлиги 90 метр, миноралари 130 метр, масжид сиғими 30 минг кишигача етади.
Масжид қурилиши ва ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳомийлар ва хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Янги масжид олдида ҳозирда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жамоат майдони фуқаролар ва шаҳар меҳмонлари учун қулай дам олиш масканига айланади.
Фаввора бўйлаб соябонлари ва кичик меъморий шакллар ўрнатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.
“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.
Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.
“Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.
“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати