Ҳазрат Навоийнинг “Хамса” асарини варақлар эканмиз, унда исломий истилоҳлар, Қуръон ва ҳадисдан иқтибослар, фиқҳий атамаларга кўп дуч келамиз. Лекин уларнинг маъно ва мазмунини яхши тушунмаганимиз боис шоир кўзлаган мақсадни етарлича илғай олмаймиз.
“Ҳайратул аброр” достонининг дастлабки боблари тавҳид, Ислом илми ва маданияти, Аллоҳнинг қудрати ва раҳмати, Ҳақ таолонинг карами, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикри, Меърож воқеаларига бағишланган. Яъни бир боб ҳамд, тўрт боб муножот ва беш боб наът билан бошланади. Бу ўша давр анъанасига мувофиқ эди.
Бу ҳақда улуғ шоир “Бадоеул бидоя”да: “Ҳар ҳарф ғазалиётининг аввалғи ғазали Тенгри таоло ҳамди била мувашшаҳ, ё Расул алайҳиссалом наъти била муфаттаҳ, ё мавъиза била муваззаҳ”, – деб қайд этади.
Исломда кўп тилга олинадиган, ҳар бир ният, ибодат ва амалий ҳаракатлар олдидан айтиладиган оят “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”.
Басмаланинг фазилати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида бундай марҳамат қилганлар: «Эътиборли ҳар бир иш “Бисмиллаҳ” билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир (баракаси бўлмайди, охирига етмайди)» (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” достонининг матлаини бундай сатрлар билан бошлайди:
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,
Риштаға чекти неча дурри ятим...
Улуғ шоир мазкур бобда Басмаланинг ҳар бир ҳарфини поэтик шарҳлайди. Хулосада маъно ришталарини бир марказга қаратади:
Йўл ёмону яхшисидан ема ғам,
Бисмиллоҳ дегилу қўйғил қадам.
Достондан ўрин олган тўрт муножотдаги қарашлар бир-бирини такрорламайди. Биринчи муножотда Ҳақ таолонинг яккаю ёлғизлиги, ҳусну жамол соҳиби экани, ҳуснини томоша қилиш учун ойна сифатида оламни яратгани тўғрисида фикр юритилса, иккинчи муножотда Аллоҳнинг холиқияти, барча мавжудотлар унга сажда қилиши тўғрисидаги ғоялар ўз ифодасини топган.
Учинчи муножотда эса, Аллоҳнинг Қаҳҳору Раҳмонлиги, инсонни мукаррам қилиб яратгани, барча нарсани ажойиб мувофиқлик билан ҳаракатлантирувчи экани ҳамда қиёмат тасвири ва у кундаги Муҳаммад алайҳиссалом шафоати юксак эҳтирос билан тараннум этилган ва охирги муножотда Аллоҳ таолонинг карам эгаси ва кечиримли зот экани баён қилинган.
Атоқли навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметов ўринли таъкидлаганидек: «Бундан шу хулоса чиқадики, диний масалалар ва мавзулар билан боғлиқ қайси нарсани баён қилмасин, бутун “Хамса” давомида Навоий биринчи навбатда Қуръон оятларига асосланган ҳолда қалам тебратган ва уларни шу негизда бадиий талқин этган».
“Ҳайратул аброр”даги муножотларда оят ва ҳадисларни байтда қисман ёки тўлиқ қўллаш, оятларнинг тўлиқ ёки маълум бўлагини таржима қилиб келтириш, оятларга ишора қилиш ёхуд уларнинг мазмунини ифодалаш тарзида истифода этилганига гувоҳ бўламиз.
“Ҳайратул аброр” мақолотларида баён қилинган фикрлар “Хамса”нинг бошқа достонларида кенг кўламда, образлар воситасида бадиий ифодасини топган.
Абдуғафур Раззоқ БУХОРИЙ,
“Мир Араб” олий мадрасаси
мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ