Аллоҳ таоло инсонни Ўзининг ердаги халифаси бўлишини ирода қилдиб, уни барча маҳлуқотлардан устун қилиб яратди. Унга ақл, имону-эътиқод ато этиб, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқат, мурувват ва салоҳият каби сифатлар билан зийнатлади.
Мусулмон одам ҳар-қандай зулм, фитна-фасод, бировни молини ноҳақ йўл билан ейиш ва жонига қасд қилиш каби ботил ишлардан тийилиши лозим. Муқаддас динимиз таълимотининг асоси бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг аксарида инсоний фазилатларни улуғлашга ва унга амал қилишга чақирилади. Шайтон йўлидан қайтарилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. Албатта, у сизларни ёмон ва фаҳш ишларга ҳамда Аллоҳга қарши билмаган нарсангизни гапиришингизга буюради» (Бақара, 167, 168).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам зулм, зўравонлик ва адоват катта гуноҳ экани таъкидланиб, шундай марҳамат қиладилар: "Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳга қасамки, қайси бир мўмин бошқа бир одамга зулм қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло мазлумга ундан қасос олиб берур". Бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: "Биродарингизга ҳоҳ у золим бўлсин, ҳоҳ мазлум бўлсин, ёрдам беринг, дедилар, дедилар. Шунда (саҳобалар): "Мазлумга-ку ёрдам берамиз, золимга ёрдам беришлик қандай бўлади?", деб сўрашганида У зот саллолоҳу алаҳи васаллам: "Уни зулм қилишдан тўхтатиб қолсангиз, шу унга қилган ёрдамингиз бўлади", деб жавоб бердилар.
Демак, юқоридаги таълимотлардан шу нарса маълум бўладики, ўзини мусулмон деб санаган ҳар-бир инсон, ўзгаларга ёмонлик қилишдан, зулму-тажовузкорликдан тийилишга ундайди. Айниқса бугунги кундаги зулмнинг бир кўриниши бўлмиш ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган ўзгаларнинг шаъни, ор-номуси, иффатига нибатан тажаввуз, ҳақорат ва таҳдид қилишдан тийилиши лозим. Акс ҳолда, қиёмат кунида Роббисининг ҳузурида қилган ҳар-бир зулми учун жавобгар бўлади.
Муҳаммадхонов Муталлибхон
Поп туман "Чинор" жоме масжиди имом-хатиби
Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деб айтардилар: “Аллоҳим! Сенинг зикрингсиз менинг куним беҳаловатдир. Туним Сенга розу ниёзсиз файзсиздир”.
Ҳа, албатта! Аллоҳга ошиқ бўлган киши туннинг ярмини, худди келин-куёвлар бир-бири билан суҳбатлашишни кутишганидек кутадилар. Нима учун, биласизми? Чунки ундан Аллоҳнинг ошиқлари лаззат оладилар. Агар эътибор қаратсак, бир турдаги лаззатлар инсоннинг тили томонидан келади. Киши бирор нарсани мазали, деб билса, уни тотиб кўришга талпинади.
Яна бошқа бир турдаги лаззат инсоннинг кўзи орқали етади. Киши доимо хушсурат, чиройли манзараларни кўришни хоҳлайди. Қулоқ билан боғлиқ лаззат ҳам борки, агар чиройли овозда тиловат қилинса, кишига роҳат бағишлайди. Масалан, қори Абдулбосит Абдуссомад Қуръон тиловат қилса, уни жон қулоқларимиз билан эшитишни хоҳлаймиз. Яна бир турдаги лаззат борки, у қалб томонидан ҳис қилинади. У муҳаббат ва ишқ лаззатидир.
Албатта, қалб инсон аъзоларининг сардори экан. Ундан келадиган лаззат барча аъзоларнинг ҳис қиладиган лаззатидан тотлироқдир. Буни фақат ҳис қилганларгина билади. У лаззатни ҳис қилганлардан бири бундай шеър битган:
Аллоҳ, Аллоҳ инчи ширин аст ном,
Ширу шакар мишавад жонам тамом.
Таржимаси:
Аллоҳ, Аллоҳ бунчалик ширин ном,
Қанду асал булғуси жоним тамом
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси