frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ғийбатчи, масхараловчи нажот топмас

21.06.2022   2273   5 min.
Ғийбатчи, масхараловчи нажот топмас

 

Умайя ибн Халаф қули Билолнинг Ис­лом­ни қабул қилганидан хабар топгач, ўзини қўярга жой тополмади. Босим ўт­казиш мақсадида: “Менга итоатсизлик қи­либ, Му­ҳаммадга имон келтирдингми? Қачондан бери қуллар хожасининг рух­сатисиз илоҳ танлашни бошлади? Шундай экан, Раб­бингга дуо қил, сенга берадиган азобимдан халос этсин. Мисли кўрилмаган даражада азоб­лайман”, деди. Билол розийаллоҳу ан­ҳу унга жавобан: “Агар Раббим имонимни сиз берадиган азоб билан синаса, мисли кўрилмаган даражада сабр қиламан. Сиз берадиган азоб Аллоҳнинг азоби олдида ҳеч нарса эмас”, деди.

Умайя қулини мисли кўрилмаган азоб ила жазолашга қасам ичди. Қўл-оёқлари­ни боғлаб, саҳрода қайноқ қумларга ёт­қизди. Устига харсангтош бостирди. Бу ҳол анча давом этди. Баъзи-баъзида Би­лолнинг ширк динига қайтишини умид қилган ҳолда: “Энди фикринг қандай?” деб сўрарди. Билол розийаллоҳу анҳу “Аҳад, Аҳад” дейишдан бў­лак бирор сўз айтмасди.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ёрдамсиз қолдирмайди. Парвардигорнинг иноя­ти билан Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу ан­ҳу Билолни сотиб олди ва қул­ликдан озод этди.

* * *

Умайя нафақат заиф ёки фақирларга, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам озор беришга журъат этарди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриши билан масхара қиларди. Шу боис Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасини нозил қилди: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” Яъни, инсонларни ғийбат қилувчи ва масхараловчи (Умайя ибн Халаф)га хорлик ва шиддатли азоб бўлсин. “Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган”. Ғийбатчи ва масхараловчи киши тўплаган ва доим санаб турадиган мол-дунёсига алданиб, ўзини бошқалардан афзал деб билди. Шу боис инсонларни таҳқирлади ва менсимади. “Ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир”. Яъни, “Мол-дунёим менга абадийликни таъминлайди. Доим тирик бўламан. Ҳеч қачон ўлмайман”, деб ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида ўйламади. «Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур!» Асло ундай эмас. Иш у ғийбатчи, айбловчи ва мол-дунё йиғувчи инсон ўйлаганидек эмас. Аксинча, яқинда у йиққан-терган моли билан биргаликда оловга улоқтирилади. Унинг жудаям чуқур қаъри бор. Ҳутаманинг эшиклари унинг аҳли ноумид бўлишлари учун ҳеч очилмайди. Шу даражада қаттиқ ёпиладики, ундан чиқиб кетишга заррача умид қолмайди. Узун-узун устунлардан оловнинг ўчиб қолишини тасаввур этиб бўлмайди. «(Эй инсон!) “Ҳутама” нима эканини сенга не ҳам англатур?! (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидир». Жаҳаннамга “Ҳутама”, яъни “Парчаловчи” ном берилишининг ҳикматларидан бири – моли билан кибр­ланиб, бошқалардан ўзини устун қўйган, бурнини баланд кўтарган мутакаббир кишини танасига азият беради. Бунинг устига, у Аллоҳнинг оловидирки, бошқа оловлар каби эмас. Раббисига бўйсуниб, ҳеч қачон ўчиб қолмайди. “(У баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар”. Яъни, олов қалбларгача кўтарилиб, ёмон ахлоқли кишини иссиғи билан ўраб олади ва тириклайин ёндириб юборади (“Тафсири Қуртубий”).

* * *

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу­мо: «...“Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28) ояти Умайя ибн Халаф Жумаҳий ҳақида нозил бўлган», дейди. Бунга сабаб, у Набий алайҳиссаломни ўзлари ёқтирмаган ишларига, фақирларни атрофларидан йироқлаштириб, Макка баҳодирларини яқинлаштиришга чақирди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: “Биз зикримиздан ғофил қилган (қалбини тавҳиддан муҳрлаган) ҳавойи нафсига (яъни, ширкка) эргашган кимсага итоат этманг” оятини нозил қилди.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф сураси, 67) ояти ҳам Умайя ибн Халаф ҳақида нозил бўлган. Боиси, у Уқба ибн Абу Муит билан дўст эди. Уқба Набий алайҳиссалом билан бирга ўтирарди. Қурайш: “Уқба ибн Муит ота-боболари динидан чиқди”, деди. Шунда Умайя ибн Халаф: “Муҳаммаднинг юзига тупурмасанг, сендан воз кечаман”, деди. Уқба Умайя айтганидек қилди. Шундан сўнг иккиси ҳақида ушбу оят нозил бўлди.

Ҳадислардан бирида банда гуноҳ қил­са, қалбига битта доғ тушишини, тавба қил­са, ўша доғ ўчирилиши айтилган. Дунё­да гуноҳ қилмайдиган одам йўқ, тавба қил­майдиганлар бор. Банда тавба қилмасдан қайта-қайта гуноҳ қилаверса, қалбига доғ тушавериб, қорайиб боради. Кейин бундай қалбга панду насиҳат таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Қалби қорайиб кетган кишига Аллоҳнинг каломини гапирсангиз ҳам, жаннат-дўзахни гапирсангиз ҳам, охират азобидан огоҳлантирсангиз ҳам, асло таъсир қилмайди. Гуноҳ қилишда бардавом бўлган киши Аллоҳга яқинлаша олмайди.

Умайя ибн Халаф Аллоҳ таолонинг ҳеч бир танбеҳидан огоҳланмади. Ўзини ўнглаб олишга уринмади. Қилғиликлари сабаб қалбини моғор босди.

“Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азоб-ла ҳеч ким азобламайди. Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғ­ламайди” (Фажр сураси, 25–26-оятлар). Уламолар ушбу оятни: “Умайя куфри ва қайсарлиги сабаб (дўзахда) азобланганчалик ҳеч ким азобланмайди. Унинг занжирларга боғланишига ўхшаш ҳеч ким занжирга боғланмайди”, деб тафсир қилганлар (“Тафсири Қуртубий”).

Ҳар бир мусулмон бу одамнинг оқиба­тини ёдда тутиши, огоҳ бўлиши, шу билан бирга, Аллоҳ таоло уни Исломга мушарраф этгани учун ҳамд айтиши лозим.

Манбалар асосида

Жалолиддин ҲАЙДАРАЛИ ўғли

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

07.08.2026   24954   1 min.
Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.

Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.

“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.

Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини  якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари