Тошкент ислом институтида 2022-2023 ўқув йили учун қабул ҳайъати ўз ишини бошлади.
Тошкент ислом институтига 2022-2023 ўқув йили учун қабул:
Кундузги таълим учун 2022 йилнинг 20 июндан 20 июлгача (шу куни 18:00гача);
Модуль таълим тизими учун 2022 йилнинг 15 июлидан 30 июлигача (шу куни 18:00гача) оффлайн тарзда амалга оширилади.
2022-2023 ўқув йили кундузги таълим шакли қабули учун зарур ҳужжатлар:
Ректор номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасаси (мадраса)ни тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (электрон шаклда, сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
Ҳужжатларни жойлаштириш учун скоросшиватель ва конверт.
Танлов иштирокчилари учун:
ЎМИ томонидан ўтказилган “Ягона олимпиада” танлови дипломи (танловда 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар учун).
Кундузги таълим шакли учун ҳужжат топширган абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширадилар:
Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 63 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.
Қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш ва қабул имтиҳонларини шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказиш мақсадида қабул ҳайъати ва ёрдамчи ишчи гуруҳ тузилди, зарур техник воситалар билан жиҳозланган махсус хона ажратилди.
Институтда ўқиш истагида бўлган абитуриентлар учун ариза намунаси, “Қабул-2022”га оид ҳужжатлар, маълумотлар ва янгиликлар учун эълонлар доскаси ҳамда қабул ҳайъати манзилини кўрсатувчи белгилар ўрнатилди.
Қабул имтиҳонлари қайси санада ўтказиш тўғрисида қўшимча маълумот берилади.
Мурожаат учун телефон рақамлар:
(71) 240-03-58, (99) 004-55-51
Тошкент ислом институти 2022-2023 ўқув йили қабул ҳайъати иш вақти:
Душанбадан шанбагача. Соат: 9:00 – 17:00. Тушлик: 12:30 – 14:00. Якшанба дам олиш куни.
Тошкент ислом институтидаги 2022-2023 ўқув йили қабул жараёнлари бўйича маълумотларни қуйидаги саҳифалар орқали олишингиз мумкин:
Сайт: https://oliymahad.uz
Телеграм: https://t.me/oliymahad
Ютуб: https://youtube.com/c/oliymahad
Фейсбук: http://facebook.com/oliymahad
Инстаграм: http://instagram.com/oliymahad
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги бошқа ислом таълим муассасаларининг 2022-2023 ўқув йили қабул жараёнлари бўйича маълумотларни қуйидаги канали орқали олишингиз мумкин:
Телеграм: https://t.me/qabulmuslimuz
Тошкент ислом институти қабул ҳайъати манзили: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати