Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2025   |   20 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2025, 20 Муҳаррам, 1447

Ҳожиларимиз Мадинаи мунавварада муборак жойларни зиёрат қилишмоқда

20.06.2022   1201   4 min.
Ҳожиларимиз Мадинаи мунавварада муборак жойларни зиёрат қилишмоқда

Хабар берганимиздек, шу кунларда ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинаи мунавварада ибодатларини адо этиш билан бирга ушбу шаҳардаги минглаб саҳобалар абадий қўним топган “Бақи” қабристони, “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғини ҳам зиёрат қилишмоқда.

Ҳожиларимиз зиёратларни малакали ишчи гуруҳи ва элликбошилар ҳамроҳлигида амалга оширишиб, ушбу муборак жойлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишмоқда.

Зиёрат асносида муборак жойларни кўриш насиб қилгани учун Ҳақ таолога ҳамдлар айтишиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилишмоқда.

Ҳожиларимиз зиёрат қилган муборак жойлар: “Бақи” қабристони, “Қубо”, “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғи ҳақида қуйида қисқача маълумот бериб ўтамиз:

Бақиъ қабристони Мадинаи мунавварада жойлашган энг қадимги ва энг машҳур катта қабристон бўлиб, у ерга минглаб саҳобийлар, тобеъинлар ва авлиёлар дафн этилган. У Масжиди Набавийнинг жануби-шарқ томонида жойлашган.

Бақиъ қабристони шарафли жой ҳисобланиб, у дунёдаги қабристонларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким Мадинада вафот эта олса, шундай қилсин. Чунки мен бу ерда вафот этган кишини шафоат қиламан”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Баъзи ривоятларга кўра, Бақиъ қабристонига дафн этилганлар қабр азобидан эминда бўладилар, деб таъкидланган.


***


“Қубо” масжиди эса Исломда биринчи қурилган масжид ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтаётган пайтларида Мадина йўлида Қубо деб номланган жойга етиб, ўша бир неча кун турганлар. У ерда биринчи бўлиб “Қубо” масжидига асос солганлар ва илк маротаба ўша масжидда жамоат намозини ўқиганлар. Масжид жойлашган ўрни эътибори билан “Қубо” деб номланган. У Мадинадан тахминан уч мил[1] узоқликда жойлашган.


***


“Қиблатайн” масжиди икки қибласи бор маъносини англатади. Мадинаи мунавваранинг ғарб томонида, Бани Салмо туманидаги “Бахрату вабра” деб номланган тепаликда жойлашган. Мазкур масжид ранги ўта оқлиги билан машҳур.
Масжид ҳижратнинг иккинчи йилида қуриб битқазилган. Масжидни Савод бин Ғанам бин Каъб зурриётлари хурмо шохлари ва баргларидан қуришган. “Қиблатайн масжиди”нинг араб ва Ислом тарихидаги аҳамияти катта. Пайғамбар алайҳиссалом даврида мусулмонлар масжид ал-Ақсога қараб намоз ўқишаётган эдилар. Жарчи келиб, Расулуллоҳ алайҳи саломга ваҳий нозил бўлгани ҳамда қибла Ҳарамга ўзгаргани ҳақида хабар берди. Бақара сурасининг 144-ояти нозил бўлиб, саҳобалар таналари билан Маккадаги Ҳарами шарифга юзландилар. Шундан буён бу масжид икки қиблали масжид деб атала бошлади.


***


Уҳуд тоғи Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган муборак бир тоғдир. Тоғнинг узунлиги 7 километр, кенглиги 2-3 километр, баландлиги эса 350 метрга яқин. Тоғ Мадинаи Мунавварадан тахминан 4-5 километр узоқликда жойлашган. Уҳуд тоғида бир неча ғор ва даралар мавжуд бўлиб, баъзи ғорларнинг баландлиги бир ярим метрни, узунлиги эса ўн метрни ташкил этади.

Ушбу тоғ ва унинг атрофида кўплаб тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Ана шулардан бири Уҳуд ғазотидир. Бу ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, мусулмонлар билан Қурайш қабиласи ўртасида бўлиб ўтган. Ушбу жангда минг нафар мусулмонлар уч минг сонли Қурайш қўшинига қарши курашдилар.

Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айлаб, муборак жойларда дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари

14.07.2025   3142   2 min.
Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари

Исломнинг барча – бешала рукнини ҳам бажарган одам чинакам саодатлидир. Айниқса, ҳожилик – алоҳида масъулият талаб этадиган мақом. Бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёдроқ фуқаро ана шундай шарафга эга бўлди.

Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.

Бугун, 14 июль куни пойтахтимиздаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов, «Нуроний« жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Калонов, Маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фурқатхўжа Маҳмудхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этди.

– Ҳожиларга катта ишонч билдириб, улар маънавият тарғиботчиларидир, – дейди ДИҚ раиси биринчи ўринбосари Даврон Махсудов. – Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган. Шундай экан, ҳар бир ҳожига ўз ҳудудидаги имом-хатиб кўмакчи бўлиб, маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишлари зарур. Чунки ҳожиларнинг сўзлари таъсирчан бўлади. Фарзандларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларнинг хизматидан фойдаланишимиз керак. Ҳожиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошади.

Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳожиларимиз жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлмоқдалар.

Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари
Ўзбекистон янгиликлари