Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида идора ва “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ташаббуси билан Рамазон ойидаги хатми Қуръон тадбирларида муносиб иштирок этган хофизи қорилани тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жоме масжидларидаги хатми Қуръонларда муносиб иштирок этиб, гўзал тиловати, тажвиди ва одоб-ахлоқи билан намозхонларнинг меҳри ва ҳурматини қозонган, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан маълум мезонлар асосида саралаб олинган 26 нафар қорилар тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Эшматбеков ҳамда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори иштирок этиб, юртимизда йил сайин қориларимиз сафи ҳам хатми Қуръонлар ўқилаётган масжидларимиз сони ҳам кўпайиб бораётганини эътироф этишди.
Шу билан бирга бу йилги Рамазон хатми Қуръонлари ҳар йилгидан кўра, шукуҳли ўтганини, буни Қуръонга муҳаббатли халқимиз ҳам алоҳида эътироф этаётганини таъкидладилар. Қолаверса, Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган қориларни тақдирлаш маросими бундан кейин бардавом бўлишини қайд этдилар.
Тадбир давомида қориларга Вақф фонди томонидан тақдим этилган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиғи ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.
Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб бундай марҳамат қилган:
“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).
Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.
Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази