Мадинаи Мунавварадаги Масжидун Набавийда ўтган ҳафтада мисли кўрилмаган 5 миллиондан ортиқ кишидан иборат намозхон зиёрат ва ибодатларни амалга оширганини қайд этди.
Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бўйича Бош бошқарма маъмурияти маълумотларига кўра, шу йил 8-15 декабрь кунлари бир ҳафта давомида масжидга 5 миллион 119 минг намозхон ва зиёратчи ташриф буюрган. Улардан 501 938 нафари Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрини зиёрат қилишга муваффақ бўлди, деб ёзади “IslamNews” “GulfNews” матбуотига таяниб.
Мадинаи Мунавваранинг муқаддас масканларини зиёрат қилган мусулмонлар орасида 15 295 нафар кекса ва ногирон меҳмон бор эди.
Бир ҳафта давомида 87 мингдан ортиқ зиёратчи ўнлаб тиллардаги таржимонлар хизматидан фойдаланди.
Ҳафта давомида 13 584 киши Масжидун Набавий кутубхонасига ташриф буюрди. 4783 нафар киши эса буюк масжид ҳудудидаги музей ва кўргазмаларни томоша қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати