Мазкур асар муқаддимасида ҳазрат Навоий: “Ҳар кўй ва кўчаларда югурибмен ва олам аҳлидин ҳар навъ элга ўзумни еткурибмен ва яхши-ямоннинг афъолин билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен”, деб таъкидлаганлар.
Асар Навоий бобомиз ҳаётининг охирги даври, яъни кексалик даврида муайян ҳаётий тажрибага эга бўлганидан кейин ёзилгани эътиборидан, уни донишмандона кузатишлар маҳсули дейилса, хато бўлмас. “Маҳбуб ул-қулуб”да бирор-бир муносабат ва ҳолат тақозосига кўра, ҳаммаси бўлиб 127 та танбеҳ келтирилади.
“Танбеҳ” сўзи “уйғотиш”, “ишора қилиш”, “огоҳлантириш”, “изоҳлаш” каби бир қанча маъноларни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, ҳар бир танбеҳ бежиз келтирилмай, кўпроқ буйруқ ва амр оҳангида айтилади. Бирор ишни қилиш-қилмаслик, унинг оқибати тушунтирилгандан кейин ўқувчи бу ҳақда ўйланиб, ўзига тегишли хулосани чиқаради.
Агар бир танбеҳда бир амал яхши дейилган бўлса, ўқувчида уни қилишга иштиёқ уйғотилади, аксинча, агар бир амал ёмон дейилган бўлса, ўқувчида ўзига етадиган зиён-зарар ҳақида ўйлаб кўришга имкон берилади. Танбеҳ кўпроқ ўқувчини огоҳликка, бирор ёмон хислат ё иллатдан халос бўлиш, унга яқин бўлмасликка чақиради.
Алишер Навоий бобомизнинг халқона тилда айтилган содда ва пурмаъно танбеҳларининг айримлари халқимиз орасида ҳикматли сўз ёки мақол тусини олган: “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, “Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон”, “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, “Сабр била кўп боғлиғ иш очилур, ишда ошуққон кўп тойилур, кўп тойилғон кўп йиқилур”.
Навоий бобомиз “Кўнгул маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калидин сўз бил” деганида, кўнгилни бир хазинага ўхшатса, қулфини тил ва уни очадиган калитни сўз деб келтиради. Теранроқ ўйлаб кўрилса, инсонга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида тилидан етади.
Хусусан, мазкур асарнинг 50-танбеҳида:
“Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон. Ёлғонни чиндек айтқувчи суханвар – кумушни олтун рўкач қилувчи заргар. Ёлғон афсоналарда уйқу келтиргувчи, ёлғончи уйқуда такаллум сургувчи. Ёлғон айтқувчи ғафлатдадур. Сўзнинг аснофи бағоят чўқдур (кўпдур), ёлғон ямонроқ синфи йўқтур”,
дейилади.
Бу танбеҳда ёлғон ёмон иллатлар қаторида таъкидланиб, ёлғончи худди кумушни олтин деб кўрсатадиган кишига ўхшатилади. Шунингдек, ёлғон сўзлагувчи киши айтаётган ривоят ёки нақл ҳам энсани қотириши ва унда ҳеч қандай қадр-қиймат бўлмаслиги маълум қилинади. Бунга сабаб эса ёлғончи ҳар доим ғофиллиги туфайли айтаётган сўзига жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайди.
Яна бир танбеҳда: “Чин сўз ёлғонға чулғама, чин айта олур тилни ёлғонға булғама. Ёлғончи киши эмас. Ёлғон айтмоқ эран (мард)лар иши эмас”, дейилган. Бу танбеҳда ҳам ёлғон сўзлагувчини инсон эмас, ёлғон сўзлаш мардлар иши эмас дейилмоқда. Ёлғон хусусида айтилган танбеҳ ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрилса, дастлаб ёлғон сўз ёқимли, фойдали ва жозибалидек ўзига мафтун этади. Чунки муомала қилинаётган кишини ғафлатда қолдириб, ёлғон боис ўз ишини битириб олиши мумкин. Бироқ бунга одатланиб қолинса, эл назаридан қолиб, унга ҳеч ким ишонмай қўяди. Чунки у олтин деб айтаётган нарса аслида кумуш, шу боис бу ёлғони фош бўлгандан кейин фақат ўзи зарар кўради, аммо бу ёлғонга инсон қандай одатланади десак, бу ҳар бир боланинг ўз оиласида оладиган таълим-тарбияси билан боғлиқ. Агар ота-она ўзи ёлғондан қочиб, боласини ҳам ундан қайтарса, фарзанд вояга етганда асло ёлғон гап-сўзни тилига олмайди. Мисол учун, ҳозирда интернет ва телефон орқали қанча кишилар ёлғон ва уйдирмаларни эшитади, унга ишонади ва бир-бирига хабар бериб, қимматли вақтини беҳуда ва гуноҳ ишларга зое кеткизади. Айримлар танишлари қўнғироқ қилиб қолса, агар у билан гаплашишни хоҳламаса, болага “уйда йўқ” деб айтишни буюради. Ўзи ҳам ёлғончи бўлади ва боласини ҳам ёлғонга ўргатиб, гуноҳкор қилади. Мана шу ҳолат болалар руҳияти ва маънавий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Бора-бора бу ёлғон катталашиб, бутун жамиятга тарқалиши мумкин.
Бобомурод ЭРАЛИЕВ,
Алишер Навоий номидаги
Адабиёт музейи тадқиқотчиси
Алишер Навоийнинг шеърий ва илмий-маънавий дурдоналарида келтирилган ҳар бир сўз ва ибора ҳикматли бўлиб, унинг мағзини чақиш ва маъно-моҳиятига етиш осон эмас. Ахлоқий-таълимий қарашларга бағишланган “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворлар қатори инсонда учрайдиган ёмон хислат ва иллатлар ҳақида сўз юритилади ҳамда унинг оқибатида ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ашуро – Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, Исломда фазилатли кунлардан саналади. Бу куннинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)” дедилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро кунининг энг катта фазилатларидан бири — бу кунда тутилган рўзанинг улкан савобидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишидан Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бу ҳадисдаги гуноҳлар кичик гуноҳлар эканлигини баён қилганлар. Катта гуноҳлар учун эса тавба қилиш лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар”.
Шу сабабли уламолар Ашуро рўзасини 9-10 ёки 10-11 муҳаррам кунлари тутишни мустаҳаб деб билганлар.
Ашуро куни мўмин учун Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш, гуноҳлардан тавба этиш, зикр ва ибодатни кўпайтириш учун яхши фурсатдир. Бу муборак куннинг фазилатидан фойдаланиб, рўза тутиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмон учун катта манфаатдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро кунининг фазилатидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси