Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Март, 2026   |   29 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:12
Қуёш
06:30
Пешин
12:36
Аср
16:45
Шом
18:37
Хуфтон
19:49
Bismillah
18 Март, 2026, 29 Рамазон, 1447

Кумушни олтин деб кўрсатманг!

16.06.2022   1851   5 min.
Кумушни олтин деб кўрсатманг!

 

Мазкур асар муқаддимасида ҳазрат Навоий: “Ҳар кўй ва кўчаларда югурибмен ва олам аҳлидин ҳар навъ элга ўзумни еткурибмен ва яхши-ямоннинг афъолин билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен”, деб таъкидлаганлар.

Асар Навоий бобомиз ҳаётининг охирги даври, яъни кексалик даврида муайян ҳаётий тажрибага эга бўлганидан кейин ёзилгани эътиборидан, уни донишмандона кузатишлар маҳсули дейилса, хато бўлмас. “Маҳбуб ул-қулуб”да бирор-бир муносабат ва ҳолат тақозосига кўра, ҳам­маси бўлиб 127 та танбеҳ келтирилади.

“Танбеҳ” сўзи “уйғотиш”, “ишора қилиш”, “огоҳлантириш”, “изоҳлаш” каби бир қан­ча маъноларни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, ҳар бир танбеҳ бежиз келтирилмай, кўпроқ буй­руқ ва амр оҳангида айтилади. Бирор иш­­ни қилиш-қилмаслик, унинг оқибати ту­шун­тирилгандан кейин ўқувчи бу ҳақда ўй­ланиб, ўзига тегишли хулосани чиқаради.

Агар бир танбеҳда бир амал яхши дейил­ган бўлса, ўқувчида уни қилишга иштиёқ уйғотилади, аксинча, агар бир амал ёмон дейилган бўлса, ўқувчида ўзига етадиган зиён-зарар ҳақида ўйлаб кўришга имкон берилади. Танбеҳ кўпроқ ўқувчини огоҳликка, бирор ёмон хислат ё иллатдан халос бўлиш, унга яқин бўлмасликка чақиради.

Алишер Навоий бобомизнинг халқона тилда айтилган содда ва пурмаъно танбеҳ­ларининг айримлари халқимиз орасида ҳикматли сўз ёки мақол тусини олган: “Бил­маганни сўраб ўрганган олим, орланиб сў­рамаган ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, “Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон”, “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, “Сабр била кўп боғлиғ иш очилур, ишда ошуққон кўп тойилур, кўп тойилғон кўп йиқилур”.

Навоий бобомиз “Кўнгул маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калидин сўз бил” деганида, кўнгилни бир хазинага ўхшатса, қулфини тил ва уни очадиган калитни сўз деб келтиради. Теранроқ ўйлаб кўрилса, инсонга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида тилидан етади.

Хусусан, мазкур асарнинг 50-танбеҳида:

“Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон. Ёлғонни чиндек айтқувчи суханвар – кумушни олтун рўкач қилувчи заргар. Ёлғон афсоналарда уйқу келтиргувчи, ёлғончи уйқуда такаллум сургувчи. Ёлғон айтқувчи ғафлатдадур. Сўзнинг аснофи бағоят чўқдур (кўпдур), ёлғон ямонроқ синфи йўқтур”,

дейилади.

Бу танбеҳда ёлғон ёмон иллатлар қа­торида таъкидланиб, ёлғончи худди кумушни олтин деб кўрсатадиган кишига ўхшатилади. Шунингдек, ёлғон сўзлагувчи киши айтаётган ривоят ёки нақл ҳам энсани қотириши ва унда ҳеч қандай қадр-қиймат бўлмаслиги маълум қилинади. Бунга сабаб эса ёлғончи ҳар доим ғофиллиги туфайли айтаётган сўзига жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайди.

Яна бир танбеҳда: “Чин сўз ёлғонға чул­ғама, чин айта олур тилни ёлғонға булғама. Ёл­ғончи киши эмас. Ёлғон айтмоқ эран (мард)лар иши эмас”, дейилган. Бу танбеҳда ҳам ёлғон сўзлагувчини инсон эмас, ёлғон сўзлаш мардлар иши эмас дейилмоқда. Ёлғон хусусида айтилган танбеҳ ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрилса, дастлаб ёлғон сўз ёқимли, фойдали ва жозибалидек ўзига мафтун этади. Чунки муомала қилинаётган кишини ғафлатда қолдириб, ёлғон боис ўз ишини битириб олиши мумкин. Бироқ бунга одатланиб қолинса, эл назаридан қолиб, унга ҳеч ким ишонмай қўяди. Чунки у олтин деб айтаётган нарса аслида кумуш, шу боис бу ёлғони фош бўлгандан кейин фақат ўзи зарар кўради, аммо бу ёлғонга инсон қандай одатланади десак, бу ҳар бир боланинг ўз оиласида оладиган таълим-тарбияси билан боғлиқ. Агар ота-она ўзи ёлғондан қочиб, боласини ҳам ундан қайтарса, фарзанд воя­га етганда асло ёлғон гап-сўзни тилига олмайди. Мисол учун, ҳозирда интернет ва телефон орқали қанча кишилар ёлғон ва уйдирмаларни эшитади, унга ишонади ва бир-бирига хабар бериб, қимматли вақтини беҳуда ва гуноҳ ишларга зое кеткизади. Айримлар танишлари қўнғироқ қилиб қолса, агар у билан гаплашишни хоҳламаса, болага “уйда йўқ” деб айтишни буюради. Ўзи ҳам ёлғончи бўлади ва боласини ҳам ёлғонга ўргатиб, гуноҳкор қилади. Мана шу ҳолат болалар руҳияти ва маънавий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Бора-бора бу ёлғон катталашиб, бутун жамиятга тарқалиши мумкин.

Бобомурод ЭРАЛИЕВ,

Алишер Навоий номидаги

Адабиёт музейи тадқиқотчиси

Алишер Навоийнинг шеърий ва илмий-маънавий дурдоналарида келтирилган ҳар бир сўз ва ибора ҳикматли бўлиб, унинг мағзини чақиш ва маъно-моҳиятига етиш осон эмас. Ахлоқий-таълимий қарашларга бағишланган “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворлар қатори инсонда учрайдиган ёмон хислат ва иллатлар ҳақида сўз юритилади ҳамда унинг оқибатида ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этилади.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Рамазон ҳайити арафасида масжид ва зиёратгоҳлар обoд этилди (фотолавҳа)

16.03.2026   12088   1 min.
Рамазон ҳайити арафасида масжид ва зиёратгоҳлар обoд этилди (фотолавҳа)

Шу йил 13–14 март кунлари юртимизда "Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки" шиори остида муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, маҳаллалар ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилган умумхалқ хария ҳашари диний соҳа ходимлари ва мўмин-мусулмонларимизни эзгулик йўлида янада жипслаштирди. 


Мазкур хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги қарийб 2150 та масжид, 270 та зиёратгоҳ ва 4500 та қабристон ҳудудларида кенг кўламли тозалик ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳашар доирасида миллион квадрат метрдан ортиқ майдон чиқиндилардан тозаланиб, 35 000 туп кўчат экилди ҳамда 88 000 дона дарахт оқланиб, шакл берилди.


Байрам олдидан нафақат масжид ва зиёратгоҳлар, балки инсонлар қалбига ҳам қувонч улашилди: имом-хатиблар бошчилигидаги 85 мингдан зиёд ҳашарчилар томонидан 750 дан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. 


Шунингдек, 4100 нафардан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 1 млрд 465 млн сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундай олижаноб ишлар халқимиз орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, Рамазон ҳайити шукуҳини хонадонларга олиб кирди. 


Масжидларда намозхонлар ва зиёратчилар учун барча қулай шарт-шароитлар ҳозирланиб, хонақоҳ ва таҳоратхоналар байрам намозига шай ҳолга келтирилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Рамазон ҳайити арафасида масжид ва зиёратгоҳлар обoд этилди (фотолавҳа) Рамазон ҳайити арафасида масжид ва зиёратгоҳлар обoд этилди (фотолавҳа)