Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Ҳалол гўшт Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир

14.06.2022   4884   12 min.
Ҳалол гўшт Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жуда ҳам меҳрибон ва ҳаким бўлган зотдир. У зот бутун оламларни яратди. Барча нарсани яратгандан сўнг инсонни халқ қилиб, уни ерда ўз халифаси этиб сайлади. Инсонга барча нарсаларнинг номларини ўргатди. Инсонни яратибгина қолмасдан, бу дунёда қандай яшашги ҳам таълимини берди. Уларга пайғамбарлар юбориб, қайси ишларни бажариш мумкин-у, қай ишларни бажариш мумкин эмас, қай нарсаларни тановул қилиш ҳалол-у, қайси нарсалрани ейиш ҳаромлигини билдирди. У зот ер юзидаги барча неъматларни инсонлар ва улрнинг манфаати учун яратиб, уларнинг хизматида қоим қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

“У (Аллоҳ) ер юзидаги барча нарсаларни сизлар учун яратди”  (Бақара сураси 29-оят).

Жумҳур муфассирлар бу оятни "ер ва ундаги нарсаларни инсонларнинг моддий ва маънавий манфаатлари учун яратилган" деб тафсир қилганлар. Бу ўринда энг эътиборли жиҳат бу барча мавжудотларнинг яратилганлигидир. Зеро, Ислом ақидасида Аллоҳ таолодан бошқа борлиқдаги барча мавжудотлар яратилганлиги қатъий белгилаб қўйилган. 

Бизга яхши маълумки, Ислом шариати кишиларнинг жони, моли, обрў-эътибори ва насл-насабини сақлашга катта эътибор қаратади. Шу манода кишиларнинг покиза ва ҳалол таомларни тановул қилиб, нопок ва завқи салим табиатли кишининг кўнгли тортмайдиган маҳсулотларни истеъмол қилишдан қайтариши уларнинг саломатликлари гарови экани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада мусулмонларнинг дастурул амали бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ижмолий ва тафсилий кўрсатмалар талайгина. Мисол тариқасида қуйидагиларни зикр қилиш мумкин:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз. У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажоввузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул қилса) унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 172-173-оятлар).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ أُحِلَّتْ لَكُمْ بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ إِلَّا مَا يُتْلَى عَلَيْكُمْ غَيْرَ مُحِلِّي الصَّيْدِ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ

“Эй имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно. Эҳром (ҳаж ибодати)да бўлганларингизда ов қилишни ҳалол деб санамагайсиз. Албатта, Аллоҳ ирода қилган нарсага ҳукм қилур” (Моида сураси, 1-оят).

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ

“Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғиб ўлдирилган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)” (Моида сураси, 3-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоат қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳй қилдилар, йилқига эса изн бердилар”.

Юқоридаги кўрсатмалар асосида уламолар озиқ-овқат маҳсулотларини, хусусан гўшт маҳсулотларини ҳалол бўлишининг асосий қоида ва мезонларини ишлаб чиққанлар. Бу борада ҳам тўрт мазҳаб имомлари аксар ҳайвонларнинг ҳалоллигида иттифоқ қилсаларда баъзи жониворларнинг ҳалол ёки макруҳлигида ихтилоф қилганлар.

Ҳайвонларнинг гўшти ҳалол бўлишидаги мезон.

Аллоҳ таоло:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ أُحِلَّتْ لَكُمْ بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ

“Эй имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди”, деган (Моида сураси, 1-оят).   

Ояти каримадаги “аҳдномалар” сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузадиган ва имзолаб тасдиқлайдиган ҳозирги урфдаги аҳдномаларни тушунмаслик керак. Бу ерда кенг маънодаги аҳдномалар назарда тутилган.

Аввало, бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Аллоҳга берилган имон аҳдида ҳалол ва ҳаромнинг ҳукмини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан олиш шарти ҳам мавжуд. Ўша аҳдга мувофиқ, Аллоҳ таоло нима ҳалол-у нима ҳаромлигини Ўзи белгиламоқда:

أُحِلَّتْ لَكُمْ بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ إِلَّا مَا يُتْلَى عَلَيْكُمْ

“Сизга, кейин тиловат қилинадиганлардан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди”.

“Чорва ҳайвонлари” деб таржима қилинаётган сўз Қуръони карим матнида “ал-Анъом” деб келган. Бу сўз араб тилида туя, қорамол ва қўй-эчкиларга нисбатан ишлатилади. Бунда хонакилари ҳам, ёввойилари ҳам баробардир.

Демак, мазкур ҳайвонлар аслида ҳалолдир. Аммо баъзи мустасно ҳолларда ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳоллар оз бўлгани учун уларни алоҳида, бошқа оятларда кўрсатилади.

Моида сурасининг учинчи оятида аслида гўшти ҳалол жониворларнинг гўштлари ҳаромга айланиб қоладиган ўринлари баён қилинган. У оятдан қуйидагиларни ҳаром эканлигини билиб олсак бўлади:

- Ўлимтик;

- Қон; (Қоннинг жонлиқни бўғизлаган пайт отилиб чиққани ҳаром. Аммо жониворни шаръий қоидалар асосида сўйгандан кейин гўшт ичида қолган қоннинг зарари йўқ)

- Чўчқа гўшти;

- Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган ҳайвонлар гўшти;

- Бўғиб ўлдирилган ҳайвонлар гўшти;

- Уриб ўлдирилган ҳайвонлар гўшти;

- Баландликдан йиқилиб ўлган ҳайвонлар гўшти;

- Бошқа жониворларнинг сузишидан ўлган ҳайвонлар гўшти;

- Йиртқич ҳайвонлар қисман еган ҳайвонлар гўшти.

Ояти каримада зикр қилинган бу ҳолатдаги барча ҳайвонларнинг гўшти ҳаромлигига уламолар иттифоқ қилишган. Аммо юқоридаги ҳолларда жониворнинг ҳали жони чиқмаган бўлса-ю, уни шаръий йўл билан сўйганда ҳалол бўлиши шартлари борасида кичик ихтилоф мавжуд. Аллома Муҳаммад Али Собуний ўзларининг “Роваиул баян тафсиру аятил аҳкам минал Қуръан” номли тафсирларида мазкур ҳолатлар ҳақида уламоларнинг фикрларини қуйдагича баён қиладилар:

- Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларига кўра жонивор (юқоридаги ҳолларда) тирик ҳолда топилса, яъни унинг думи ҳаракатланиб турган ёки депсиниб турса ва шу каби ҳаёт аломатлари бор ҳолатда уни сўйилса у ҳалолдир.

- Бази уламоларнинг фикрича (бу ҳолларда гўшти ҳалол бўлиши учун) чорва молларининг ҳаёти мустаҳкам бўлиши шарт. Ҳаёти мустаҳкамлиги эса уни сўйиб (бўғизлаб) бўлгач ҳаракатланиши лозим. Бўғилаётган пайтдаги ҳаракати аҳамиятсиздир.

Бу борада Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан икки хил ривоат келтирилган бўлиб, улар:

- Агар сўювчининг гумонида жонивор ўлган деган фикр ғолиб келса, унинг гўшти ҳалол бўлмайди;

- Ҳанафий ва шофеъий мазҳабига кўра жониворда ҳаётнинг энг кичик аломатлари бор ҳолатда сўйилса ҳам ҳалол бўлади.

Аллома Собуний бу ихтилофларнинг сабабини қуйдагича изоҳлайдилар:

“Уламоларнинг ихтилофларининг сабаби оятдаги “илло сўйганингиз” иборасидаги истиснодир. Яъни бу истисно муттасил ёки мунқотеъ эканидир. Кимки бу истиснони муттасил деса, у истисно (мазкур ҳолда сўйилган жониворни) харомлик ҳукмидан чиқаради, деб ҳукм қилади. Шунда оятнинг маъноси: “Илло унда ҳаёт қолдиғи бор ҳолда топиб, уни сўйсангиз ана шуни ейиш сизларга ҳалол”, дегани бўлади.

Аммо кимки истиснони мунқотеъ деса, шаръий сўйиш бундай ҳолатдаги жонлиқни ҳаллол қилмаслигига ҳукм қилган. Чунки бу ўринда ҳаром қилинганлардан эмас, балки ҳаром қилишдан истисно бўляпти. Шунда оятнинг маъноси: “Сизларга номлари зикр қилинганлардан бошқа жониворлар ҳаром қилинди. Лекин Аллоҳ таоло сўйиш билан ҳалол қилган жониворлардан сўйганларингиз сизларга ҳалолдир”, дегани бўлади.

Юқорида зикр қилинган ҳолдаги жонлиқларнинг гўштлари ҳаромлик сабабларини шариат ва тиб уламолари қуйидагича изоҳлашади:

Ўлимтик. У Аллоҳ таоло ҳалол қилган жониворлардан ўзи ўлиб қолганидир. Соф инсоний табиат ўлимтикни хоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни билиб туриб ейиш учун инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига ҳайвонга оғир касаллик етмаса, ўзидан-ўзи ўлиб қолмайди. Касаллик билан ўлган ҳайвондаги турли иллатлар ва микриоблар бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш ҳикматларни кўплаб кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикматлари бор.

Қон. Яъни ҳайвонни сўйганда оққан қонни тўплаб олиб истемол қилиш ҳам ҳаромдир. Сўйилган ҳайвоннинг томирларида қолган қон ҳаром эмас. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғзидан оққан қонни ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошқа зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тўплаб, тановул қилиш кони зиён. Аллоҳ таоло инсонларга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.

Чўчқа гўшти. Оятда фақатгина гўшти зикр қилинган бўлсада унинг барча аъзолари ҳаромдир. Ҳаттоки у мусулмонлар учун мол ҳисобланмайди. Уни сотиш ёки сотиб олиш мусулмон кишига мутлоқ жоиз эмас. Униг ҳаромлик ҳикматларига келсак, “Тафсирул мунир” ва “Роваиул баян фи тафси аятил аҳкам” асарларида қуйдаги иллатлар баён қилинади:

- Унинг гўшти зарарлидир. Соғлом табиат ундан нафратланади. Чунки у ифлос ҳайвон. Одатда чиқинди ва нажосатлар билан озуқаланади. Шу сабабли ўзи ҳам нажосатдир;

- У ўзида ўлимга сабаб бўлувчи кучли бактеря ва микробларни олиб юради. Шу сабабли унда катта зарарлар мавжуд;

 - Унда даюсликка ўхшаш кўплаб ифлос табиатлар мавжуд. Ҳеч қачон ўзининг урғочисини қизғонмайди. Унин гўшти билан озуқланган шахс булардан таъсирланади. Зеро инсон танаси барча озуқалардан шу озуқанинг таркибида мавжуд моддалардан тасирланади. Баъзи таомлар инсонни иссиғини оширса, баъзилари совуғини оширади;

- Уни гўштини истемол қилган кишига, қанчалик тоза жойда боқилса ҳам, чўчқанинг мушаклари орасида бўладиган сипиралсимон гижжа туҳумлари кўчиб ўтади.

Аллоҳ таолодан ўзганинг номи айтиб сўйилган жонлиқнинг гўшти. Унинг ҳаромлиги бирор-бир моддий нажосат ва зарарлар туфайли эмас, балки маънавий зарар туфайлидир. Инсонларни яратиб жон ато қилган Аллоҳ таоло ҳайвонларни ҳам яратиб, уларга ҳам жон ато этди. Инсонларга, хусусан мусулмонларга гўшт маҳсулотларидан бошқа озуқаларда уни тайёрлаётган кишининг этиқоди аҳамиятсиздир. Аммо юқорида айтилганидек жон ва руҳ эгаси бўлганлар бундан мустасно. Зеро уларнинг руҳи бўлганлиги туфайли аслида гўштларини танаввул қилишимиз жоиз эмас. Лекин Аллоҳ азза ва жалла бизларга уларни махсус шартларга риоя қилган ҳолда улардан озуқа сифатида фойдаланишимизга руҳсат берди. Агар Унинг кўрсатмаларига амал қилмасак жониворларнинг гўштидан тановвул қилишимиз дуруст эмас.У шартлардан бири руҳни чиқараётган пайтда шу руҳни яратган Зотни эслаб, зикр қилишдир.Агар бу шарт бажарилмай, қолган барча шартлар шаръий асосда амалга оширилса ҳам ҳайвоннинг гўшти ҳалол бўлмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизга ҳаром нарсалардан сақланиб, ўзининг ҳалол қилиб қўйган неъматларидан тановул қилишимизни насиб ва муваффақ айласин!

 

Манбалар асосида 405-гуруҳ талабаси

Кобулов Оятиллоҳ тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   49727   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари