Шу йил 10 июнь куни Менжинский кўчаси, 90-уйда жойлашган Астраханда Яшил масжид очилди. Ушбу ҳудуд собиқ Царевская Слобода номи билан танилган ва инқилобдан олдин 8-масжид деб номланган диний бинонинг ўзи бой ва жуда қизиқарли тарихга эга.
Islam.ru хабарига кўра, Яшил масжид деярли юз йил давомида ўша пайтдаги кўплаб ибодатхоналар сингари 1938 йилда ёпилгунга қадар мўмин мусулмонларни маънавий жиҳатдан жалб қилиш маркази бўлиб келган эди. Бинони маданий ва ижтимоий эҳтиёжлар остига берилди. Кўп йиллар давомида 2012 йилда уни қайта қуриш бошлангунга қадар масжид бошқа мақсадларда ишлатилган.
Ташаббускорлар маҳаллий аҳоли бўлди. Қайта тиклаш учун маблағлар, анъанага кўра, мазҳабга мансублигидан қатъий назар, ҳамма томонидан тўпланган.
Шунингдек, катта қўллаб-қувватлашни кўрсатган ҳомийлар ҳам топилди. Ва бугунги кунда Яшил масжид ибодат учун биринчи мусулмонларни қабул қилмоқда. Айтганча, у тахминан 250 кишини сиғдиради.
Узоқ кутилган воқеани нишонлашда Астрахан вилояти губернатори Игорь Бабушкин, Россия Олий муфтийси, Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси Талгат Тажуддин ва Астрахан вилояти мусулмонлари минтақавий диний идораси раиси Рауф Джантасовлар мўмин мусулмонлар билан бирга бўлишди.
"Барчангизни Яшил масжиднинг очилиши билан табриклайман. Бу бой тарихга эга ва мусулмонлар учун катта аҳамиятга эга. Ишончим комилки, у маънавий маърифат ва исломнинг асл қадриятларини тарқатиш марказига айланади, шунингдек минтақамизда динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади", - деди Игорь Бабушкин.
Вилоят раҳбари совға сифатида Яшил масжид имом-хатиби Зинур Самигулинга Қуръони Каримни совға қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Машина йўлига чиқиб кетган одамни кўриб ҳайдовчи зўрға тўхтатиб қолди. Ундан ҳам олдин ёнидаги дўсти тушасолиб йўловчининг ёқасидан олди. Узр сўраб довдираётган одамни кўриб, ҳайдовчи тез тушди-да, дўстидан унинг ёқасини қўйиб юборишини сўради.
– Бу нима деганинг?! Сал бўлмаса қамалиб кетардинг-ку буни деб, – янада жаҳли чиқди дўстининг.
– Сен уни қўйиб юборавер, гап бор... Бўлди, ака, ҳушёр бўлиб етиб олинг... Йўқ, шошманг...
Ҳайдовчи ҳатто у одамнинг қўлига пул ҳам берди. Дўстини ҳайрон қолдириб, машинага қайтди.
Дўстининг савол назари билан қараб турганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
– Бир соатча олдин дорихонага киргандим. Шу одамга кўзим тушганди. Қўлида дорилар рўйхати ёзилган қоғоз, пули етмаганидан мунғайиб турган эди. Дорилар нархини эшитиб, оғир қадамлар билан чиқиб кетганди. Ортидан чиқиб ёрдам бергим келди. Лекин пулимни қизғондим. Ташқарига чиққанимда у онаси билан гаплашиб турган экан. Ҳалиги одам онаси билан гаплашиб бўлгач: “Шунча пулни қаердан топаман? Ё Аллоҳ! Ўзинг йўл кўрсат, деганини эшитиб ҳам индамай кетавердим. Гўё унга пул берсам ўзим оч қоладигандай... Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади” (Бақара сураси, 268-оят) дея огоҳлантирганини билардим. Яна “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят) деган ваъдасини ҳам ўқигандим. Барибир хомлик қилдим. Сал бўлмаса ўша хасислик қилган пулимдан ўн, юз ҳиссаси чиқиб кетадиган бир мусибатга дучор бўлардим. Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, Аллоҳ имкон берди. Шунинг учун айб у одамдамас, ўзимда, деб билдим...
Ҳа, азизлар! Ҳаётимизда бундай ҳолатларга дуч келиб турамиз. Аввало, биров билан тушунмовчилик бўлиб қолса у одамнинг аҳволини сўрайлик. Балки бирор мусибат ё ташвишда юргандир. Дарҳол тилимизга келган сўзлар билан хақорат қилиб, уришиб кетмайлик. Бунақа вазиятларда шайтон васваса қилишини унутмайлик. Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳазрати инсон деган номга муносиб иш тутайлик.
Акбаршоҳ Расулов