Инсоннинг ҳар бир аъзосининг алоҳида вазифаси бор. Масалан, кўзнинг вазифаси кўриш, қулоқнинг вазифаси – эшитиш, тилнинг вазифаси – сўзлаш ва қалбнинг иши севишдир.
Қалб ё Аллоҳ таолони севади ёки У зотнинг махлуқларини яхши кўради. Банданинг қалбида ё охират муҳаббати ёки дунё муҳаббати бўлади. Охиратнинг муҳаббати билан қалб яхшиликларга шошади. Дунё муҳаббати эса, ҳадиси шарифда бундай таърифланган:
حُبُّ الدُّنْيَا رَأْسُ كُلِّ خَطِيئَةٍ
яъни “Дунё муҳаббати ҳамма ёмонликларнинг бошидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳини бундай баён қилганлар:
وَ تَرْكُهَا مِفْتَاحُ كُلِّ فَضِيْلَةٍ
“Дунёнинг муҳаббатини (қалбдан) чиқариш ҳар бир фазилатнинг калитидир”. Яъни, дунё муҳаббатини қалбдан чиқариб ташлаш ва Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қалбга жойлаш мукаммал мўминликдан далолатдир.
Шайх Зулфиқор Аҳмад
НАҚШБАНДИЙ
Аллоҳ таоло айтади: "Лекин Аллоҳ уларнинг отланишларини ёқтирмай, тутиб қолди", (Тавба сураси, 46-оят).
Аллоҳ сизни дин ишларига хизматчи қилиб олган бўлса, демак, қалбингизга қараб, рози бўлибди. Оддий бир инсон ўз ишларида уқувсиз кимсаларни ишлатгиси келмайди-ку, Аллоҳ ишлатади дейсизми?
Аллоҳнинг йўлидан узоқ бўлган одам борки, албатта, Аллоҳ унинг ичидан бохабарлиги учун рози бўлмаган. Машҳур одамларга ҳавас қилманг. Улар арзимаган ишлар билан машғуллар. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, ўзига ходим қилиб олган бўларди.
Заррача савоб иш қилмаган миллиардерларга ҳавас билан қараманг. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, улардан юз ўгирмаган бўларди.
"Расаилу минал Қуръан" асаридан