— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?
— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Савол: Агар намоз вақти кирган бўлсаю, лекин азон ҳали айтилмасдан ўқиб олинса, азон чақирилганини эшитилса намозни қайта ўқиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар намозни вақти кирганидан сўнг ўқиган бўлса-ю, кейин азон айтилган бўлса, намоз қайта ўқилмайди. Бироқ намозни вақти кирмай туриб ўқиган бўлса, унда намозни қайта ўқиши керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази