Бугун, 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим таклифлар таҳсинга лойиқ экани ва уларни амалиётга жорий этишда қўллаб-қувватлашини изҳор қилдилар.
Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом ҳазратларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар.

Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий ва “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.
Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди.

Миср муфтийси ал-Азҳарда жуда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши яхши кўрсаткич эканини таъкидлаб, ушбу олийгоҳда тўрт мазҳаб таълимоти қаторида Ҳанафий мазҳаби пухта ўрганилишини алоҳида қайд этди.
Мазмунли суҳбат давомида Муфтийлар Ўзбекистон ва Миср мусулмонлари идоралари фаолияти, соҳадаги ўзгариш ва янгиликлар, фаолиятда қўлланаётган янги иш услублари ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати