Юртимизда ислом илмларининг ўчоғи ҳисобланган Бухоро, Самарқанд ёки Насаф каби катта шаҳарлар бўлган. Мазкур шаҳарларда ўзига хос илмий мактаблар ҳам юзага келган. Тошкент шаҳрини ҳам худди шундай катта илм марказларидан бири дейилса, ҳеч муболаға бўлмайди. Бунинг далили сифатида бугунги кунимизда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ каби уламоларнинг етишиб чиқққанлиги билан исботлаш мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.
Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган.
Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У билан бирган Тошкент ислом институти ва Бухорадаги Мир араб мадрасасида Кавказ муфтийси Аллошкукр Пошшозода, Усмонхон Алимов, Россия ва Қозон муфтийси Талъа Тожиддин курсдош бўлганлар. Чеченистон президенти Аҳмад Қодиров ҳазратнинг шогирди бўлганлар. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шунинг учун ҳам умри мобайнида қилган юзлаб сафарларида фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янги бўлган ҳар қандай китобни ўқиб тамомларди.
Ҳазратнинг асарлари унинг диний илмдаги кенг қиррали билими ва бой илмий меросидан далолат беради. Улар нафақат замонамизнинг, балки келаси даврнинг талабига ҳам жавоб беради. Асарларда кўтарилган масалаларнинг долзарблиги боис, уларга асрлар оша кўплаб шарҳлар ва ҳошиялар ёзилиши тайин.
Алломанинг барча ёзган асарларини ўқиган китобхон қисқа фурсатда барча ижтимоий ва рухий тарбияга оид илм ва маълумотларни ўзида мужассам қилади. Хусусан ҳанафий фиқҳи бўйича мазҳабдаги аслий масалаларни ўрганиб чиқади. Ўрни келганда кўпроқ фикр юритиб, мужмал жойларини кашф қилишга уринади. Бу эса, масалани тўғри тушуиниш малакасини оширади.
Ҳазратнинг босиб ўтган шонли тарих йўлини ўрганган инсон ўзида мусофирлик ва муқимлик даврида инсон қандай ҳолатларда бўлиши ва ўша ҳолатларга тушган пайитда қанақа йўллар қўллаши борасида кенг маълумотларни ўзида жамлайди. Мисоли, ҳазрат Маккада пайитларида оналари вафот этган. Ҳазрат бундан қаттиқ маҳзун бўлганлар. Ҳаттоки, оналарининг дафн маросимига ҳам кела олмаганлар. Бу гаплар одамлар учун оддий ҳодисадай тўйилади. Лекин, ҳақиқий тафаккур қилиб, ўйлаган одам учун бу нарсаларнинг қалбидан ўтиши ва бу воқеани ҳис қилиши ўта оғир нарса. Албатта, ҳазратнинг бошидан ўтган ҳар бир воқеада мусулмон инсон учун катта бир ибрат бор.
Биз фақатгина ҳазрат ҳақларида қисқа маълумот келтириб ўтдик. Ёзсак мақола ва сиёҳ тугамайди. Аллоҳ таоло ҳазратимизни Ўзининг раҳматига бўркасин. Бизни ҳам у киши қолдирган илмий меросдан насибадор айласин!
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳазратнинг илмий меросларини чуқур ўрганиш, ҳаётга тадбиқ қилиш, унинг қолдирган асарларидан унумли фойдаланиб, ёш-авлодни маърифатли қилиш ва уларни ҳам ҳазрат каби улуғ олим қилиб тарбиялаш, ҳозирги замонамиз талабидир.
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Аҳадқулов Файзуллоҳ
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.
Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.
Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.
Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати