Мусулмонларнинг асосий зиёратгоҳи – Маккадаги муаззам Каъба бўлажак ҳажга тайёрланди. Икки Муқаддас масжид Бош бошқармаси ихтисослашган гуруҳ Каъба юзасини ювиш учун энг сўнгги замонавий тозалаш технологияларидан фойдаланди.
Islam.ru хабарига кўра, жамоа дастлаб Каъба юзасининг барча қисмларини чангдан тозалади. Сўнгра нам мато билан артиб чиқди. Кейин сирт сув билан ювилган ва қуриганидан кейин яна атиргул суви билан ювилган.
Расмий ходимнинг сўзларига кўра, янги усул ва технологиялардан фойдаланиш тозалаш ишларини тезлаштириш ва харажатларни камайтиришга ёрдам берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати