Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Октябр, 2025   |   1 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:44
Пешин
12:12
Аср
15:48
Шом
17:34
Хуфтон
18:47
Bismillah
23 Октябр, 2025, 1 Жумадул аввал, 1447

Динда саволим бор: Қурбонлик ҳақида

09.06.2022   1552   2 min.
Динда саволим бор: Қурбонлик ҳақида

— Қурбонлик қиладиган одам 10 кун олдин сочини, соқолини, тирноғини олиши мумкин эмас, деган гаплар бор. Шу ростми?

Ўша қисқартирмай туриш шариат тарафидан мустаҳаб қилинган. Яъни қилган одам савоб олади, қилмаганга эса гуноҳ йўқ. Ва бу амал Зулҳижжа ойининг ҳурмати ва одоби юзасидандир.

 

 

— Биз томонларда қурбонлик учун сўйиладиган қўй далага қўйиб юборилганда адашиб кетмаслик учун қулоғи қайчида озроқ қирқилиб, белги қилинади. Лекин эшитишимча, бундай қилиш шариатимизда мумкин эмасмиш ва бу қўйлар қурбонликка ўтмасмиш... Шунга ойдинлик киритиб берсангиз?

— Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга, ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен:Муқобала нима? дедим. “Қулоғининг бир томони кесилган”, дедилар. “Мудобара нима?” дедим. “Қулоғининг учи кесилган”, дедилар. “Шарқо нима?” дедим. “Қулоғи ёрилган”, дедилар. “Харқо нима?” дедим. “Қулоғи белги учун йиртилган”, дедилар (Сунан эгалари ривоят қилган).

Сўйиладиган жониворнинг соғлом бўлишидан қуйидаги ҳикматлар кўзда тутилган:

Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари. Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.

Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.

 

 

— Менинг бир бош қўзичоғимни чўпон боқиб юрганида, бир кўзига тош тегиб, оқиб тушди. Шу қўзичоқ соғ қолса, сўйиб эҳсон қилса бўлади-ми?

— Савоб умидида гўштини тарқатиш, у билан бева бечораларни ҳолидан хабар олиш учун, албатта бўлади. Аммо ибодат ҳисобланган қурбонлик каби амаллар учун жоиз бўлмайди. Қурбонлик ҳайвонини барча аъзолари саломат бўлиши шарт қилинган.

 Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ёлғон гапиришнинг соғлиққа таъсири

25.10.2024   7762   3 min.
Ёлғон гапиришнинг соғлиққа таъсири

Дунёнинг қатор университетларининг олимлари ёлғон гапириш соғлиққа зарар қилиши борасида тадқиқотлар олиб борганлар. Масалан, АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бири сифатида тан олинган Нотр-Дам университети физиологлари томонидан 18 ёшдан 71 ёшгача бўлган 110 киши иштирокида тадқиқот ўтказилди.

Кўнгилли иштирокчиларнинг ярми (55 нафари)га 10 ҳафта давомида ёлғон гапирмаслик “вазифаси” топширилди, қолган ярмига эса ёлғон гапириш ёки ҳақиқатни айтиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмади.

Тажрибадан 10 ҳафта ўтгач, “ёлғон гапиришдан қочган” биринчи гуруҳ иккинчисига қараганда жисмоний саломатлик кўрсаткичлари юқори бўлган. Шунингдек, фақат ҳақиқатни айтган иштирокчилар бу вақт ичида яқинлари билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланган ва ўзларини бахтли ҳис қилишган.

 

Стресс – асаб тизими

Аризона университети олимлари, ёлғон гапириш мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашди. Чунки ёлғон гапирганда одам стрессни бошдан кечиради.

 

Юрак хуружи – инсульт

Мунтазам равишда бундай ҳолатнинг содир бўлиши натижасида юрак-қон томир тизими зарар кўради. Натижада, юрак хуружи ва инсульт эҳтимоли сезиларли даражада ошади.

 

Уйқусизлик

Ёлғон натижасида инсон “катта энергия” сарфлайди. Ёлғоннинг сезилмаслигини таъминлаш учун “катта ақлий энергия” сарфланади. Бу асаб тизимининг фаоллашишига олиб келади. Натижада уйқусизлик келиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёлғон гапирадиган одамлар уйқу муаммоларидан кўп шикоят қиладилар.

 

Иммунитет тизимининг заифлашиши

Ёлғон сурункали ҳолатга келганда, у иммунитет тизимига жиддий зарар этказади. Стресс гормонларининг мунтазам ишлаб чиқарилиши танани заифлаштиради, бу эса одамни вируслар ва инфекцияларга мойил қилади. Тадқиқотларда ушбу ҳақиқат тасдиқланган: ёлғон гапиришни одат қилган одамларда бош оғриғи, шамоллаш ва ошқозон муаммолари кўпроқ учрайди.

 

Ошқозон муаммолари

Ёлғон сўзлаш – овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам ишдан чиқаради. Одамнинг оғзидан ёлғон чиқиши биланоқ организм миядаги кортизол гормонини чиқаради.

Кортизол ички органларнинг ишини мураккаблаштиради, уларни стресс ҳолатига олиб келади, бу эса қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва ошқозон касаллигига олиб келади. Натижада овқат ҳазм қилиш функцияси бузилади, кислоталик ошиб кетади ва ичакдаги фойдали бактериялар йўқолади.

 

Яна бошқа касалликлар...

Шунингдек, ёлғон гапириш – бодомсимон безга, саратон, семизлик, руҳий тушкунлик, ўз ишидан қониқмаслик ва одамлар билан ёмон муносабатда бўлиш хавфини ошириши аниқланган.

 

Энг катта ва оғир гуноҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар ва ёнбошлаган ҳолларидан ўтириб олдиларда: “Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ёлғон гапириш”, деб қайта-қайта такрорладилар.

Шундай экан, ёлғон сўзлашни тарк қилишга ҳаракат қилинг. Энг аввало гуноҳдан тийилган, қолаверса, соғлиқингизни сақлаган бўласиз.

Даврон НУРМУҲАММАД