— Қурбонлик қиладиган одам 10 кун олдин сочини, соқолини, тирноғини олиши мумкин эмас, деган гаплар бор. Шу ростми?
— Ўша қисқартирмай туриш шариат тарафидан мустаҳаб қилинган. Яъни қилган одам савоб олади, қилмаганга эса гуноҳ йўқ. Ва бу амал Зулҳижжа ойининг ҳурмати ва одоби юзасидандир.
— Биз томонларда қурбонлик учун сўйиладиган қўй далага қўйиб юборилганда адашиб кетмаслик учун қулоғи қайчида озроқ қирқилиб, белги қилинади. Лекин эшитишимча, бундай қилиш шариатимизда мумкин эмасмиш ва бу қўйлар қурбонликка ўтмасмиш... Шунга ойдинлик киритиб берсангиз?
— Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга, ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: “Муқобала нима?” дедим. “Қулоғининг бир томони кесилган”, дедилар. “Мудобара нима?” дедим. “Қулоғининг учи кесилган”, дедилар. “Шарқо нима?” дедим. “Қулоғи ёрилган”, дедилар. “Харқо нима?” дедим. “Қулоғи белги учун йиртилган”, дедилар (Сунан эгалари ривоят қилган).
Сўйиладиган жониворнинг соғлом бўлишидан қуйидаги ҳикматлар кўзда тутилган:
Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари. Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.
Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.
— Менинг бир бош қўзичоғимни чўпон боқиб юрганида, бир кўзига тош тегиб, оқиб тушди. Шу қўзичоқ соғ қолса, сўйиб эҳсон қилса бўлади-ми?
— Савоб умидида гўштини тарқатиш, у билан бева бечораларни ҳолидан хабар олиш учун, албатта бўлади. Аммо ибодат ҳисобланган қурбонлик каби амаллар учун жоиз бўлмайди. Қурбонлик ҳайвонини барча аъзолари саломат бўлиши шарт қилинган.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Савол: Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида тушунча берсангиз, уни жума куни ҳам тутса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
Абул Аббос Маккий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу таоло анҳумонинг шундай деганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сен доимо рўза тутар ва кечалари ибодат қилар экансан?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Агар сен шундай қилсанг, кўзинг заифлашиб, нафсинг толиқади. Ким йил бўйи рўза тутса, рўза тутмабди. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш – йил бўйи рўза тутиш кабидир”, дедилар.
“Мен бундан ҳам кўпроғига қодирман”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Унда Довуд алайҳиссаломнинг рўзасини тут, у киши бир кун рўза тутар ва бир кун оғзи очиқ бўлар ҳамда душманга йўлиққанда қочмас эди”, дедилар.
Кимдир мазкур ҳадисга амал қилиб, Довуд алайҳиссалом рўзасини тутаётганда унинг рўзаси жума кунига тўғри келиб қолса, ҳеч кароҳиятсиз жоиз бўлади.
Кишининг нафл рўза тутишга одатланган кунлари ёки Ашуро куни каби фазилатли рўзалар жума, шанба ёки якшанба кунларидан бирига тўғри келиб қолса, шу куни рўза тутиши дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.