Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448

Нақадар гўзал ҳамроҳлар!

08.06.2022   2314   5 min.
Нақадар гўзал ҳамроҳлар!

«Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир» (Нисо сураси, 69–70-оятлар).

Аллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этса ва Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, Аллоҳ­нинг инъомига эришган анбиёлар, сиддиқ­лар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан жаннатда бирга бўладилар. Улар жаннатда ҳамроҳ сифатида нақадар гўзал­дирлар!

Бу Аллоҳ таолодан бўлган буюк мукофот бўлиб, бандаларнинг қилган солиҳ амаллари учун улуғ инъомлар берилажагини билиб олишларига кифоя қилади.

Ояти каримада итоатни ва солиҳ амал­ларнинг натижаларини баён этиб, мўмин­ларга башорат берилмоқда.

Айнан ўшалар Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган муқаддас динни тас­диқлайдилар. Тасдиқлари ҳам дилда, ҳам сўзда, ҳам амалда давомли бўлади.

Улар жаннатда Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларига эришган зотлар – анбиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан қўшни бўладилар. Бу каби аҳли жаннатларнинг ҳамроҳлиги нақадар гўзалдир.

Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар мусулмон оламининг охиратда фазлу марҳамат учун танланган азизлари бўладилар.

Имом Қуртубий “Ал-Жомеъ ли-аҳкамил Қуръон” китобида қуйидаги ривоятни келтиради. Калбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қул­лари Савбон ҳақида нозил бўлган. У киши Набий алай­ҳиссаломни жуда яхши кўрарди. У зот кўринмай қолсалар, хавотирга тушиб, бунга тоқат қилолмасди. Бир куни у киши ранги ўзгариб, ҳолсизланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келдилар. Юзида маҳзунлик билиниб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Савбон! Нима сабабдан рангинг ўзгариб, хафа бўлдинг?” дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ! Менга бирор зарар ҳам, касаллик ҳам, мусибат ҳам етгани йўқ. Лекин мен сизни кўрмасам, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. То сизни топмагунимча, сизга интилавераман. Охиратни эслаб, қиёматда сизни кўрмай қолишдан қўрқяпман. Чунки биламан, сиз анбиёлар билан юқори мартабада бўласиз. Мен эса, агар жаннатга кира олсам ҳам, манзилим сизнинг манзилингиздан пастда бўлади. Агар жаннатга киролмасам, унда сизни ҳеч қачон кўролмаслигим аниқ”, деди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди».

Воҳидийнинг “Асбобун нузул” китобида келтирилади. Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳлимдан ҳам, болаларимдан ҳам се­вимлироқсиз. Мен уйда ўтириб сизни эслаб қоламан-да, олдингизга келиб, сизни кўрмагунимча, сабр қилолмай қоламан.

Охиратни эсласам, биламанки, сиз жаннатда анбиёлар билан бирга юқори мартабада бўласиз. Мен эса жаннатга кирсам ҳам, сизни кўролмай қолишдан қўрқаман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қайтармасларидан бурун мазкур оят нозил бўлди».

Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот алайҳиссалом: “Бирор-бир набий касал бўлса, унга дунё ёки охират ихтиёри берилади”, дедилар». Ойша розийаллоҳу анҳо сўзларини давом эттириб: «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган вақтларида нафас олишлари қийинлашди. Шу пайтда у зотнинг: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар” деяётганларини эшитдим. Ихтиёр берилганини билдим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло итоат қилувчи ки­ши шундай улуғ зотлар билан бирга бўлишининг хабарини бериб, уларнинг улуғликларини тушунтириш билан бир қаторда, мақомларини зиёда қилиб: “Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гў­залдир”, деди. Сўнг уни адо қи­ладиган нарсага қизиқтириб, уларга берган неъматларининг буюклигига ишора қилди: “Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир”. Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ фазли – зоҳирий ва ботиний илми ҳақида хабар бермоқда.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби

"Ҳидоят" журнали 2022 йил 1-сон

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонда ислом банкларини лицензиялаш тартиби тасдиқланди

22.07.2026   19057   3 min.
Ўзбекистонда ислом банкларини лицензиялаш тартиби тасдиқланди

Адлия вазирлиги шариат тамойиллари асосида фаолият юритувчи банклар ва исломий молиялаштириш хизматларини ко‘рсатувчи бо‘линмаларни лицензиялаш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат ро‘йхатидан о‘тказди. Kapital.uz билдиришича, бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қонунчиликка ко‘ра, исломий молиялаштириш фаолияти фақат лицензия асосида амалга оширилади. Янги тартиб тадбиркорларга ислом банкларини ташкил этиш, амалдаги тижорат банкларига эса “Исломий дарча” (Исламиc windows)ни очиш учун ҳуқуқий асос яратади.

Фаолиятни бошлаш учун муассислар Марказий банк билан келишилган таркибдаги махсус Шариат кенгашини шакллантириши, малакали раҳбарни тайинлаши ҳамда халқаро стандартларга мувофиқликни та’минлайдиган ички сиёсатни ишлаб чиқиши лозим.

Ҳужжатда кадрлар таркибига алоҳида талаблар белгиланган. Шариат кенгаши камида уч нафар мутахассисдан иборат бо‘лиши керак. Кенгаш раиси ва унинг о‘ринбосари исломшунослик ё‘налишида олий ма’лумотга эга бо‘лиши шарт. Қолган а’золар ҳуқуқшунос ёки иқтисодчи бо‘лиши мумкин. Ислом ҳуқуқи бо‘йича мутахассислар камида 5 йиллик амалий тажрибага, техник мутахассислар эса банк, молия ёки ҳуқуқ соҳасида камида 7 йиллик иш стажига эга бо‘лиши талаб этилади.

Кенгашнинг камида бир нафар а’зоси (2027-йил 1-июльдан бошлаб эса барча а’золари) ААОИФИ халқаро сертификатига эга бо‘лиши лозим. Бундан ташқари, ислом ҳуқуқи бо‘йича мутахассислар бирламчи манбалар билан ишлаш учун араб тилини билиши шарт.

Исломий молиялаштириш ё‘налиши раҳбарига ҳам қат’ий талаблар қо‘йилган. У камида 7 йиллик молия соҳасидаги иш тажрибасига, иқтисодий ёки тегишли олий ма’лумотга ҳамда ААОИФИ сертификатига эга бо‘лиши керак.

Шунингдек, Марказий банк билан келишилган топ-менежерлар лавозимга киришганидан кейин бу ҳақда 5 иш куни ичида ёзма равишда хабар бериш мажбуриятини назарда тутувчи норма бекор қилинди.

Эслатиб о‘тамиз, жорий йил июн ойи бошида Марказий банк ислом молиялаштириш тизимини ан’анавий молия тизимига интеграция қилиш бо‘йича норматив ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қо‘йганди. Унда лицензия бериш, раҳбариятни келишиш ҳамда амалдаги микромолия ташкилотларини босқичма-босқич ислом банкларига айлантириш механизмлари батафсил баён этилган эди.

Лойиҳага ко‘ра, молия ташкилотлари Шариат кенгаши ва ички аудит хизматини ташкил этиши, шариат стандартларига риоя қилиш сиёсатини тасдиқлаши шарт. Банклар автоматлаштирилган тизимларда алоҳида бухгалтерия ҳисобини юритиши, шариат талабларига мос бо‘лмаган даромадларни эса фақат хайрия мақсадларига ё‘налтириши белгиланган.

Кадрлар учун ҳам алоҳида талаблар назарда тутилган. Шариат кенгаши а’золари ва раҳбарлар тегишли ма’лумот ҳамда ААОИФИ (CСАА, CПААГE, CИПА ёки CПСС) сертификатларига эга бо‘лиши керак. Ислом ҳуқуқи бо‘йича мутахассислар араб тилини билиши, уларнинг камида учдан икки қисми О‘збекистон фуқаролари бо‘лиши лозим. Раҳбар лавозимига номзодлар эса Марказий банкда ишбилармонлик обро‘си ва таваккалчиликларни бошқариш бо‘йича суҳбатдан о‘тади.

Лойиҳа мамлакатдаги барча кредит ташкилотлари учун ҳам янги талабларни белгилаган. Лицензия бериш учун давлат божи энг кам устав капиталининг 0,1% и миқдорида этиб белгиланган. Филиал очишда эса ногиронлиги бо‘лган шахслар учун то‘сиқсиз муҳит мавжудлиги юзасидан Қурилиш инспекциясининг хулосасини олиш мажбурий этиб белгиланган.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари