Бугун, 7 июнь куни Қоҳира шаҳрида бошланган Ислом оламида жуда катта аҳамиятга эга бўлган анжуманнинг очилиш маросимида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳозирги кундаги энг муҳим масалаларни илгари сурдилар.
Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Очилиш маросимида Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Аллом кириш сўзи билан очиб, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, адашган тоифалар ғояларига қарши курашишда уламоларнинг иттифоқлиги муҳимлигига урғу қаратди.
Халқаро конфренциянинг очилиш маросимида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари сўзга чиқиб, бугунги даврда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш учун бир қатор долзарб таклифларни олға сурдилар. Хусусан, Аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида халқчил тарзда кенг тарқатиш ҳамда диний илмларни ўргатишда мўътадиллик ва ўрталик, “васатия”га алоҳида аҳамият бериш лозимлиги, шу билан бир қаторда экстремизмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, айниқса, исломий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифларни тақдим этдилар.
Мазкур араб тилида қилинган нутқ ва барча учун долзарб аҳамиятга эга бўлган амалий таклифлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, Йирик уламолар кенгаши аъзоси профессор, Али Жума, Босния ва Герцоговиния собиқ муфтийси Шайх Мустафо Иброҳим кабилар алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
#муфтий #халқаро_конференция
@muslimuzportal
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация 23 август куни Россиянинг Жанубий федерал округига амалий ташрифи доирасида Ростов вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Иш сафари давомида вилоят раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, унда Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мигрантлар ҳуқуқлари, уларни ижтимоий ҳимоялаш, меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация Дон давлат техника университетига (ДДТУ) ташриф буюриб, у ерда музокаралар ўтказди, таълим ва фан соҳасидаги илғор тажрибалар билан танишди.
Энг йирик машинасозлик корхонаси – "Ростсельмаш" корхонаси фаолияти ўрганилди, "ЮгСтройИнвест" ва "Авакон" қурилиш объектларида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, яшаш ва дам олиш шароитлари ўрганилди.
Ишчи ташриф якунлари бўйича мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва маданий алоқаларни кенгайтириш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон ва Ростов вилояти ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш ва "йўл хариталари"ни тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили масжидларда Ўзбекистон фуқаролари билан жума намозида иштирок этди. Жамоатчилик билан маънавий-маърифий тарбия ва диний бағрикенглик масалалари юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Ўзбекистон фуқароларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар берилди.
Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган ишчи ташрифи доирасида Ростов шаҳрида меҳнат қилаётган фуқаролар учун байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов томонидан фуқароларнинг экстремистик ташкилотлар фаолиятига кириб кетишининг олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси Россия Ички ишлар вазирлигининг Ростов вилояти бошқармаси раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди ва унда миграция сиёсати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вилоятда истиқомат қилаётган мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқий ҳолатини қонунийлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий фуқароларнинг хавфсиз ва қонуний яшаши учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати