Бугун, 7 июнь куни Қоҳира шаҳрида бошланган Ислом оламида жуда катта аҳамиятга эга бўлган анжуманнинг очилиш маросимида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳозирги кундаги энг муҳим масалаларни илгари сурдилар.
Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Очилиш маросимида Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Аллом кириш сўзи билан очиб, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, адашган тоифалар ғояларига қарши курашишда уламоларнинг иттифоқлиги муҳимлигига урғу қаратди.
Халқаро конфренциянинг очилиш маросимида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари сўзга чиқиб, бугунги даврда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш учун бир қатор долзарб таклифларни олға сурдилар. Хусусан, Аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида халқчил тарзда кенг тарқатиш ҳамда диний илмларни ўргатишда мўътадиллик ва ўрталик, “васатия”га алоҳида аҳамият бериш лозимлиги, шу билан бир қаторда экстремизмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, айниқса, исломий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифларни тақдим этдилар.
Мазкур араб тилида қилинган нутқ ва барча учун долзарб аҳамиятга эга бўлган амалий таклифлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, Йирик уламолар кенгаши аъзоси профессор, Али Жума, Босния ва Герцоговиния собиқ муфтийси Шайх Мустафо Иброҳим кабилар алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
#муфтий #халқаро_конференция
@muslimuzportal
#xabar #haj2025
Шу кунларда Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини адо этишга тайёргарлик кўраётган зиёратчилар учун таниқли уламолар, имом-домлалар билан бир қаторда мутахассис ва отинойилар томонидан ҳам маърифий суҳбатлар узвий давом эттирилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим ходими Мунира Абубакирова ва Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Сижоат Шарипова юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан келган аёл зиёратчилар иштирокида суҳбатлар ўтказмоқда.
Шунингдек, олий тоифали шифокор Муҳаббат Саатова ҳам тиббий маслаҳатлар бермоқда.
Маърифий учрашувларда муборак заминда тоат-ибодат, дуою зикр ва зиёрат билан машғул бўлиб турган диёримиз аёлларига ҳаж ибодати рукнлари, фазилатлари ва сафарда аёлларга оид тиббий масалалар ҳам атрофлича тушунтирилмоқда. Уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати