Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир. Ислом жамияти том маънодаги поклик жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Бу жамиятда зино ҳаром саналади. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Зино инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Иффатли бўлиш кишига тинчлик ва хотиржамлик бахш этади. Бу улкан гуноҳлардан бўлиб, шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар).
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6 та зарар бор. Шундан 3 таси бу дунёда, 3 таси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларга келсак, улар – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир”.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин ҳолида бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди, хамр ичувчи ичаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди ва киши бировнинг молини зўрлик билан олаётганида одамлар у зўрлик билан олаётганида ундан кўзларини юмадиган бўлишса, у мўмин ҳолида бўлмайди. Сизлардан бирорталарингиз жиноят қилаётганда у мўмин ҳолида бўлмайди. Бас, бу нарсаларни қилишдан сақланинглар, сақланинглар”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади” (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Аллоҳ таоло инсон танасининг айрим жойларига қарашни ман этган. Бунинг фойдалари бисёр. Номаҳрамларга қарашдан кўзини тийган одамнинг қалби ҳам, танаси ҳам саломат бўлади. Қолаверса, нигоҳни номаҳрамлардан тийиш билан жуда кўп ёмонликлар олди олинади, оилалар тинч бўлади. Бунинг биз билган-билмаган ҳикматлари кўп.
Кимнинг эри ё хотини бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Улар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Биринчи назар, номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тўсатдан деб бўлмайди, буниси қасддан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.
Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан ҳимоялаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром, хиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг аёлига шаҳват назари билан қарамасин. Зино содир бўлмаган чоқда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.
Биз Аллоҳнинг амрига итоат этсак, У Зот дилимизга ихлос неъматини солади. Унинг ҳаловатини ибодат чоғида сезамиз. Дунёда имон лаззатидан ҳам қадрлироқ, кўнгил хотиржамлигидан-да тотлироқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло барчамизни мустаҳкам имон, ихлос, офият неъмати билан сийласин!
"Хадичаи Кубро" ЎМИБЮ
3-курс талабаси Орифжонова Гулҳаё
Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, ободонлаштириш, хайрия ва меҳр-оқибат ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мутасаддилар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон”, “Қумариқ” ва “Иттифоқ” маҳаллаларида бўлишди.
Ташриф давомида соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Маҳаллаларда ўтказилган сайёр йиғинларда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хонадонлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва қабристонларни обод қилиш, уларнинг озодалигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлиши ва аҳоли кайфиятида ўз аксини топиши лозим. Шу маънода, жорий йил якунида мамлакатимиз бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича ғолибларнинг аниқланиши мазкур эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати