Дунёдаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири Англиянинг Ҳарвард юридик мактаби Қуръони каримни адолатнинг энг буюк ифодаси сифатида тан олди. Бу ҳақда islam.ru маълум қилган.
Муассаса ўз кутубхонасига кираверишига муқаддас китоб оятларидан парча келтириб, бу борада ўз фикрларини аниқ билдирди.
Факультетнинг асосий эшигига тепасида Нисо сурасининг 135-ояти битилган: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизга, ота-онангизга, қариндош-уруғингизга, хоҳ бойга, хоҳ камбағалга қарши бўлса ҳам, Aллоҳнинг ҳузурида гувоҳ бўлинг. Aлбатта, Aллоҳ ҳар иккисини ҳимоя қилишга қодирдир. Aдашиб қолмаслик учун (қалбингиздаги) ҳавойи нафсларга эргашманг. Aгар (адолатни) бузсангиз ёки яхши амалдан бош торсангиз, Aллоҳ нима қилаётганингизни биладир».
Мактабнинг Ислом ҳуқуқи ўқув дастурида баъзи муҳим мавзулар ҳам батафсил ёритилган.
Умуман олганда, ислом қонунлари адолат ва тенгликни диний нуқтаи назардан қандай таъминлаши, кейин эса унинг жамиятга татбиқ этилишини ўргатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштириш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда мазкур йўналишга масъул бўлган мутахассислар бевосита ҳамда масофавий тарзда иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кириш сўзи билан очиб, фуқароларнинг мурожаатларига юксак ҳурмат билан қараш ва уларнинг дардига оқилона ечим топиш ҳар бир раҳбар ҳамда ходимнинг нафақат вазифаси, балки олий инсоний бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг масъул вакиллари – Давлат ташкилотлари томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори Саидакмал Ходжаев ҳамда шўъба етакчи инспектори Рашид Курганов иштирок этиб, тизимдаги ҳолатни қонунчилик талаблари асосида атрофлича таҳлил қилиб бердилар.
Соҳа масъул мутахассислари томонидан айни йўналишдаги Президент Фармони ижроси доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик ва тезкорликни таъминлаш, жараён шаффофлигини ошириш ҳамда мурожаатларни назоратдан олишнинг механизмларини тўғри қўллаш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбир тизим ходимларининг мурожаатлар билан ишлаш маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга хизмат қилади. Амалий таҳлилларга бой бўлган ушбу семинар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳамда халқимизнинг диний-маърифий соҳага бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ва тизимли қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати