Азиз юртдошлар! Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мана, 2 йилдан бери интиқлик билан кутганимиз ҳаж сафарига ҳам йўллар очилди. 2022 йилги мавсумда ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар миқдори 7200 кишидан 10 минг 865 нафарга оширилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Кексалар тилида дуо: етказганига шукр, кимлар етди кимлар етмади, Аллоҳ қодир қилсин, ҳаммани Ўзининг байтига етказсин...
Таассуфки, юртимиз бўйлаб ана шундай хурсандчилик шукуҳи кезиб юрган бир маҳалда айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари интернет тармоқларидаги тўлиқ асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Ушбу мақолада юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардаги турли асоссиз ва таги йўқ маълумотларга чалғиб қолмасликлари учун қуйидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз:
Биринчидан, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида тўхталиб ўтсак.
Аввало, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинганини, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошганини айтиб ўтиш лозим.
Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.
Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун “Иқтисодий”, “Люкс” ва “VIP” пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.
Энг эътиборли жиҳати – Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчиларимиз учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади.
Эслатиб ўтамиз, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.
Иккинчидан, юртдошларимиз жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.
Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.
Учинчидан, юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.
Тўртинчидан, яна бир муҳим жиҳат – жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.
Бешинчидан, жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.
Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Олтинчидан, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:
Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.
Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш!
Азиз юртдошлар!
Ушбу муборак сафарни ташкил этиш ишлари мўмин-мусулмон юртдошларимизни рози қилиш тамойили асосида олиб борилаётганини эслатиб ўтамиз ҳамда вазиятни тўлиқ ва пухта ўрганмасдан тарқатилаётган бир ёқлама маълумотларга алданиб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.
Сўзимиз якунида, икки йиллик танаффусдан сўнг, ҳаж сафарига йўл очилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, зиёратчиларимизнинг ҳажлари мабрур, гуноҳлари мағфур, саъйлари машкур бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати