Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси ташаббуси билан Венгрияда яшаб ижод қилган ўзбек олими Мулла Исоқ Иброҳим (1836-1892) таваллудининг 186 йиллиги муносабати билан ватандошимиз дафн этилган Фейер вилояти Веленце шаҳарчасидаги қабристонда гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маросимда Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси раҳбари Янош Ховари, Веленце шаҳри мэри Герхард Акош, венгриялик турколог олимлар ва тадқиқотчилар ҳамда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси вакиллари иштирок этдилар.
Янош Ховари ўз нутқида венгер ва ўзбек халқлари қадим алоқаларга эгалиги хусусида тўхталар экан, икки халқнинг тарихий келиб чиқиши бир-бирига туташ илдизларга бориб тақалишини, ўзаро тарихий муносабатлар XIX асрда Армин Вамбери ва Мулла Исоқнинг ўзаро дўстлиги натижасида қайта тикланганлигини алоҳида таъкидлади. “Ҳозирги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саъй-ҳаракатлари билан сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтарилган”, деди у.
Шунингдек, туркшунос олимлар Мулла Исоқнинг Венгрияда кечган ҳаёти ҳақидаги тарихий маълумотларга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Венгрия Фанлар академияси тадқиқотчиси Д.Сомфаи ўзбек олими Мулла Исоқ ўз ҳаёт йўли ва ижоди билан Венгрия маданияти ривожига ҳиссасини қўшганини алоҳида таъкидлади.
Мулла Исоқ 1836 йилда Қорақолпоғистоннинг Қўнғирот туманида таваллуд топган. 1863 йилда Хивада Муҳаммадаминбек мадрасаси талабаси бўлган вақтида венгриялик машҳур тукршунос олим, саёҳатчи Армин Вамбери билан учрашган ва у билан биргаликда Туркия орқали Венгрияга келган. Мулла Исоқ маҳаллий халқ тилини ўрганиб Венгрия Фанлар академиясининг Шарқшунослик кутубхонасида ишлагаб ижод қилган. У шу ерда оила қурган ва ҳаётининг сўнгги дамларида Венгриянинг Веленце шахарчасига кўчиб келган. Ватандошимиз 1892 йили 56 ёшида вафот этган.
Мулла Исоқ Армин Вамберининг дўсти ва шогирди бўлган. Армин Вамбери ўзининг 1864 йилдаги “Ўрта Осиёга саёҳат” номли машхур асарида Мулла Исоқ ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган.
Мулла Исоқ венгер ёзувчиси Янош Ароннинг «Ажойиб оҳунинг ҳикояти» шеърий асарини можар имлосида ўзбек тилига таржима қилган. Ҳозирги пайтда ушбу китобнинг асл нусхаси Венгрия Фанлар академияси кутубхонасида сақланмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур таржима асарнинг янги тахрирдаги нусхаси Венгрия Бош вазири В.Орбаннинг 2021 йил март ойида Ўзбекистонга буюрган ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан унга туҳфа қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида Мулла Исоқ Иброҳим номи билан аталадиган жоме масжид мавжуд. Унинг пештоқида Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда Мулла Исоқ Иброҳимнинг Венгриядаги ҳаёти ҳақидаги маълумотлар битилган лавҳа ўрнатиш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати