Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

Ғийбат қандай муолажа қилинади?

26.05.2022   2411   4 min.
Ғийбат қандай муолажа қилинади?

Жамияту оилаларни ич-ичидан емирадиган, инсонлар ўртасида фисқу фасод, адоват уруғини сочадиган иллатлардан энг жирканчи ғийбатдир. У туфайли оилалар пароканда, одамлар бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетади. Бунинг оқибатида жамиятда кўплаб нохушликлар юзага келади.

Айниқса, бугунги ижтимоий тармоқлар тобора ривожланаётган бир пайтда ғийбат ҳам замонга мос тарзда виртуал кўринишга кўчмоқда. Буни бирор ахборот ёки турли видео чиқишлар тагига қолдирилаётган изоҳлардан билиш мумкин. У ерда очиқ-ойдин ғийбат қилишлар кузатилади. Агар бирор таниқли, машҳур шахс ҳақидаги хабар бўлса, унга билдирилган сўзларни ўқишга ҳам киши хижолат бўлади. Энг ёмони, бу инсонлар билиб-билмай гуноҳга, ғийбатга шерик бўлаётганидадир.

Ҳамма уламолар бир овоздан ғийбатни гуноҳи кабира эканини эътироф этишган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Ғийбат нима эканини биласизми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Набий алайҳиссалом: Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғийбат қилибсиз”дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Агар сиз айтган сифат унда бўлса – ғийбат, бўлмаса – бўҳтон қилибсиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар кимлар?” деб сўрадим. “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар”, деб жавоб берди» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳужурот сурасида ғийбат нақадар ёмон иш экани бундай баён қилинади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).

Ҳар дард уни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш билан даволанади. Бизни кўпгина гуноҳларга етаклаган тил, кўпдан-кўп савобларга ҳам олиб бориши мумкин.

Қуръони каримда зикрга тарғиб қилиниши баробарида унинг самараси ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, Аллоҳ таоло ҳидоят топган бандаларини васф этиб, бундай марҳамат қилади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд сураси, 28-оят).

Руҳий тарбия уламолари бундай дейдилар: «Аллоҳ таолони зикр қилишнинг тарбиявий аҳамияти ажойиб ва гўзалдир. Биринчидан, Аллоҳнинг зикри қалбингизда У зотга бўлган муҳаббатни уйғотади. Аллоҳнинг муҳаббати эса унинг зикрини кўпайтиришга ундайди. Бу иккиси ўртасида ўзаро мутаносиблик бор экани шундан маълум бўлади».

Зикр ризқнинг мўл ва баракотли бўлишига сабабдир. Қалбни ғафлатдан уйғотади. Гуноҳ ва маъсиятларни ўчиради. Зикр кишини турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқлаштиради. Бандани дунё ва охират саодатига эриштиради.

Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими? дедилар. Шунда у зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” деб сўради. У зот: “Юз марта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Ҳам енгил, ҳам буюк ибодатдан ғафлатда қолмаслигимиз, доимо Аллоҳнинг зикри ила тилимиз банд бўлиб туришига эътибор беришимиз шарт. Айниқса, тилимизни тасбеҳ (Субҳоналлоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу Акбар) кўп айтишга одатлантириб олсак, у бизни тил офатларидан йироқлашиб, гуноҳлардан тийиламиз.

Васлиддин РИЗАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот котиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳожат, Аввобийн ва Таҳажжуд намози

12.01.2024   3886   1 min.
Ҳожат, Аввобийн ва Таҳажжуд намози

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳожат намози

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Ё Арҳамар Роҳимийн”, десин”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).

Аввобийн намози

Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракатдир. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.

Таҳажжуд намози

Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз “таҳажжуд намози” деб аталади. Шунингдек, бу намоз “қиём намози” деб ҳам аталади. Дастлаб бу намоз вожиб бўлган, кейин вожиблиги насх қилинган. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир.

Суннатга мувофиқ намоз ўқинг китобидан олинди.