Жамияту оилаларни ич-ичидан емирадиган, инсонлар ўртасида фисқу фасод, адоват уруғини сочадиган иллатлардан энг жирканчи ғийбатдир. У туфайли оилалар пароканда, одамлар бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетади. Бунинг оқибатида жамиятда кўплаб нохушликлар юзага келади.
Айниқса, бугунги ижтимоий тармоқлар тобора ривожланаётган бир пайтда ғийбат ҳам замонга мос тарзда виртуал кўринишга кўчмоқда. Буни бирор ахборот ёки турли видео чиқишлар тагига қолдирилаётган изоҳлардан билиш мумкин. У ерда очиқ-ойдин ғийбат қилишлар кузатилади. Агар бирор таниқли, машҳур шахс ҳақидаги хабар бўлса, унга билдирилган сўзларни ўқишга ҳам киши хижолат бўлади. Энг ёмони, бу инсонлар билиб-билмай гуноҳга, ғийбатга шерик бўлаётганидадир.
Ҳамма уламолар бир овоздан ғийбатни гуноҳи кабира эканини эътироф этишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Ғийбат нима эканини биласизми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Набий алайҳиссалом: “Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғийбат қилибсиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сиз айтган сифат унда бўлса – ғийбат, бўлмаса – бўҳтон қилибсиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар кимлар?” деб сўрадим. “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар”, деб жавоб берди» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).
Ҳужурот сурасида ғийбат нақадар ёмон иш экани бундай баён қилинади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).
Ҳар дард уни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш билан даволанади. Бизни кўпгина гуноҳларга етаклаган тил, кўпдан-кўп савобларга ҳам олиб бориши мумкин.
Қуръони каримда зикрга тарғиб қилиниши баробарида унинг самараси ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, Аллоҳ таоло ҳидоят топган бандаларини васф этиб, бундай марҳамат қилади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд сураси, 28-оят).
Руҳий тарбия уламолари бундай дейдилар: «Аллоҳ таолони зикр қилишнинг тарбиявий аҳамияти ажойиб ва гўзалдир. Биринчидан, Аллоҳнинг зикри қалбингизда У зотга бўлган муҳаббатни уйғотади. Аллоҳнинг муҳаббати эса унинг зикрини кўпайтиришга ундайди. Бу иккиси ўртасида ўзаро мутаносиблик бор экани шундан маълум бўлади».
Зикр ризқнинг мўл ва баракотли бўлишига сабабдир. Қалбни ғафлатдан уйғотади. Гуноҳ ва маъсиятларни ўчиради. Зикр кишини турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқлаштиради. Бандани дунё ва охират саодатига эриштиради.
Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими?” дедилар. Шунда у зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” деб сўради. У зот: “Юз марта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Ҳам енгил, ҳам буюк ибодатдан ғафлатда қолмаслигимиз, доимо Аллоҳнинг зикри ила тилимиз банд бўлиб туришига эътибор беришимиз шарт. Айниқса, тилимизни тасбеҳ (Субҳоналлоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу Акбар) кўп айтишга одатлантириб олсак, у бизни тил офатларидан йироқлашиб, гуноҳлардан тийиламиз.
Васлиддин РИЗАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот котиби
Муносабат
Инсоннинг қалби биргина ширин сўздан қувониб, тўлқинланиб кетади: яйрайди, яшнайди, бошқаларга ҳам эзгулик соғинади, шодлик ва бахт улашади.
Жорий йилнинг 31 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олгани қалбларимизга сурур, хурсандчилик ва шукроналик бахш этди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади. Унутилмас бу воқелик ҳожиларимизни беҳад севинтирди.
Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик барқарор. Ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли умр кечириши учун барча имкониятлар мавжуд. Меҳнат қилган, ҳаракат қилган фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ўз орзу ниятларига етмоқда. Албатта, бунда осойишталик неъматининг ўрни беқиёс.
Янги Ўзбекистоннинг ҳар тонги тараққиёт тонги сифатида отмоқда. Барча соҳаларда янгилик ва яхшиликлар бўлмоқда. Жумладан, Ҳаж ва Умра тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, мўмин-мусулмонларнинг ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун шароит ва қулайликлар янги босқичга олиб чиқилди.
Хусусан, бу йилги ҳаж мавсумига юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Маккаи мукаррама ҳамда Мадинаи мунаввара, қолаверса, Мино водийсида зиёратчилар учун барча шароит ҳозирланди. Иссиқ кунларда юртдошларимизга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралди, ичкарига совутиш тизими ўрнатилди, гилам ва тўшаклар солинди.
Мамлакатимиз ҳожиларига кўрсатилаётган эътибор, улар учун яратилган қулайликларни Саудия Арабистонининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари ҳам эътироф этиб, ҳавас билан қарамоқда.
Айни пайтда зиёратчиларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпаз ва бошқа мутахассислар хизмат кўрсатиб, ҳамроҳлик қилмоқда.
Зиёратчиларимиз берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилмоқда.
Зотан, юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётган айни паллада ҳожиларимиз ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшиш, юртимизга қайтгандан сўнг бор куч-ғайратларини юрт тинчлиги ва тараққиёти, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга сафарбар этишларини таъкидламоқдалар.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси
ўринбосари.