Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий айтдилар: «Инсоннинг амали, ҳоҳ динга тааллуқли бўлсин, хоҳ дунёга тегишли бўлсин, юзаки назар билан текширилганда уч турли экани маълум бўлади. Кўпчилик олимлар шу фикрга келганлар. Биттаси фойдали амал, иккинчиси зарарли амал, учинчиси на фойдали ва на зарарли бўлган амал. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, учинчи турдаги (на фойдали ва на зарарли) амал ҳам, иккинчи, яъни зарарли амал турига қўшилади. Чунки бефойда ишга сарф бўлган вақт ва қувват бирор фойдали ишга сарфланса эди, бундан катта фойда бўлар эди. Мана шу фойдадан маҳрумликнинг ўзи катта бир зарардир. Масалан, бир тижоратчи ўз сармоясини бир ишга тикди. Ундан на фойда бўлди ва на зарар. Лекин у мана шуни ўзининг нуқсони ва зарари деб ҳисоблайди. Чунки у ўзи умид қилиб, кўз тиккан фойдасидан маҳрум бўлди».
«Мажолиси ҳакимул-умма» китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати