Шундай иллат борки, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликларнинг калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15-64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч 2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли улуши бор. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда.
Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Боиси, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч ва иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.
Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки чекканини, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб кейинчалик ёмон оқибатлар билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, айрим маҳаллаю қишлоқларда учратиш мумкин.
Яқинда маҳалламиз мактаби ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушиб, мактаб чоғларим ёдимга келди...
Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар сигарета чекувчи болалар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни яширинча сигарета чеккан, ароққа меҳр қўйган йигитлар йиллар ўтиб ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада тақдир йўлларида кўп бор адашди, йиқилди, на оила, на ватан қилди. Дунёдан ҳеч вақо кўрмай ўтиб кетганлари ҳам бор.
Албатта, ҳеч ким фарзандини гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бунга ружу қўяётганлар қаердан пайдо бўляпти?
Бунинг сабаблари ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликдан қочиш, фарзандга беэътиборлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан. Шу билан бирга, бу иллат болага ота-онадан қон орқали ўтиши ҳам тадқиқотчилар томонидан исботланган. Эътиборлиси, мазкур сабабларнинг аксари ота-она ва оилавий муҳитга бориб тақалади.
Демак, муаммонинг нозик нуқтаси оиладир. Гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун оилаларни, ота-оналарни ислоҳ қилиш шарт. Уларни ислоҳ қилишнинг бирдан-бир йўли исломдир. Муқаддас динимиз кишини одоб-ахлоққа, ҳалолликка чақиради, харомдан тийилтиради. Энг асосийси, фарзандни баркамол бўлиб вояга етишига, турли иллатлардан холи бўлишига асос бўлади. Айниқса, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи егулигу ичимликлар истеъмол қилишни ман этади.
Бу борада Қуръон каримда бундай дейилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси 168-оят) дейилган.
Шунингдек, Моида сурасида: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди» (91-оят) дея марҳамат қилинади. Ояти каримада хамр, яъни маст қилувчи нарсалар билан ёмонликлар, шайтоний қилмишлар ортиши таъкидланмоқда. Шу боис турли жирканч жиноят ишларига назар ташласангиз, кўпинча уни гиёҳванд модда таъсирида амалга оширилганининг гувоҳи бўласиз. Демак, заққум истеъмол қилиш буткул шайтон измига бўйсуниш ва икки дунёни куйдириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Имом Абу Довуд ривояти) дейилган.
Демак, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ҳар қандай егулигу ичимликдан тийилмоқ керак. Афсуски, сархуш қилувчи нарсаларни бир татиб кўрган киши нафсини бошқара олмай, яна истеъмол қилгиси келади. Ўзида унга қарши куч, ирода топа олмайди. Унга қарам бўлмасликнинг энг яхши йўли эса умуман оғизга олмасликдир. Бунинг учун эса фарзандаримизни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, харом-ҳалолни чуқурроқ англатиш керак. Шундагина улар номақул ишларга ҳам қўл урмайдилар.
Бир сўз билан айтганда, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, нафақат ўзимизни балки фарзандларимизни ҳам турли балолару заҳри қотиллардан асраган бўламиз. Энг асосийси, зурриётларимиз жиноятчи, гиёҳвандлар эмас, балки орқамиздан дуо қилгувчи солиҳ инсонлар бўлиши тайин.
Бобур МУҲАММАДИЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизми?
Агар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик – номофобия деб аталади.
Номофобия – инглизча “no mobile-phone-phobia” – телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.
МАВЗУНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ
Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб баҳолашмоқда.
Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, бу касалликка чалиниш сони юқори эканини англаш мумкин.
ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи номофобия яъни телефонга қарамлик касаллиги ҳозирда кўпроқ ёш болалар ва ўсмирларда учрамоқда. Уларда асабийлик, ўжарлик, хотиранинг пасайиши, умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталикларнинг ривожланиши кўпаймоқда.
Аслида гаджетлар болаларнинг севимли “ўйинчоғи”га айланишига айрим ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Зеро, бу – хархаша, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин.
Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини, балки боланинг асаб тизими, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши каби ҳолатларга сабаб бўлишини айтишади.
Психологлардан бири айтади: “Қабулимга жуда кўп ота-оналар болаларини олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади.
Энг ачинарлиси, ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор. Шунинг учун 15 ёшгача болаларга телефон, гаджетлар олиб бермаслик лозим”.
Телефонга муккасидан кетишнинг инсон саломатлигига бошқа яна кўплаб салбий таъсирлари ҳақида қатор илмий тадқиқотлар, аниқ факт ва далиллар мавжуд. Қуйида сизга уларнинг айримларидан мисолларни тақдим этаман:
КЎЗГА ТАЪСИРИ
Телефон экранларидан узоқ муддат фойдаланиш – кўриш муаммоларини келтириб чиқаради. Чунки аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келади.
Кўз касалликлари бўйича мутахассис доктор Малик Холид айтади: “Ҳар куни қоронғи хонада ярим соат телефон ишлатган одамнинг кўзларида рак касаллиги келиб чиқиши кузатиляпти. Кўз қизариб пардани ўраб олади, у пардани олиб ташлаш имконсизлиги учун бу дард давосиз қолмоқда”.
РАДИАЦИЯ ТАЪСИРИ
Телефонлардан чиқувчи радио сигналларнинг салбий таъсири кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Айниқса, бош мия тўқималари зарарланади. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, унинг зарари бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган ёшлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.
Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) телефонлардан чиқувчи радиацияни “таҳдидли” деб эълон қилган ҳамда телефондан ортиқча фойдаланиш мия ракини ва бошқа хасталикларнинг хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.
ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАЙ ОЛИШГА, ЭЪТИБОРНИНГ ПАСАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ
АҚШ Педиатрия Академияси (AAP) тадқиқотчилари, телефон ёш болаларнинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши, диққатни жамлай олиш қобилияти бузилиши, турли психологик оғишлар юз бериши, ҳатто порнографик қарамлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.
УЙҚУСИЗЛИК, УЙҚУ ТИЗИМИНИНГ БУЗИЛИШИ
Телефон экранидаги ёруғлик мияга турли сигналлар юборади, натижада миянинг уйқуга кириши қийинлашади.
Harvard Medical Schoolда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кеч бўлганда телефондан фойдаланиш уйқуни бузади ва инсонларнинг кун давомидаги фаоллигини пасайтиради.
СТРЕСС ВА ДЕПРЕССИЯ
Телефондан ортиқча фойдаланиш, айниқса ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш, стресс ва депрессияни оширади.
Буюк Британия UnHerd сайтининг “Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайди” номли эълон қилган мақолада бундай дейилади:
“Бугун ижтимоий тармоқларда қандай маълумотларни кўрганингизни эслашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, сиз ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Буни ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотирани ёмонлаштириши ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш туфайли инсоннинг руҳий саломатлиги яхшиланади” (https://unherd.com/2025/08/were-trapped-in-big-techs-mind-maze/).
ЕЧИМ:
Эҳтимол ёшларни бу касалликдан сақлаш учун мактабларни телефондан фойдаланишни қатъий тақиқлаш лозимдир. Зеро, бир қанча давлатларда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатларда телефондан фойдаланиш тақиқланади.
Хитойда ўқувчилар мактабга телефон олиб боришса ҳам, дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.
Франция эса боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқланган. Яна бир маълумот: Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.
ДАВО:
Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган. Жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернет қарамлик дардининг муолажаси ҳам “парҳез”дир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда улкан асос бўлиб хизмат қилади.
Бир маслаҳат, дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.
ХУЛОСА
Демак, номофобия:
Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.
Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.
Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.
СЎНГГИ СЎЗ
Сўзимизни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни манфаатсиз ишга машғул қилиб қўйганидир”.
Шундай экан, ғанимат умрингизни бекорчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўтказиб юборманг!
Даврон НУРМУҲАММАД