Кўҳна заминимизда бир пайтлар гуллаб яшнаган, бугунги кунда тарих пардаси ортига чекиниб, фақат кўҳна манбалару турфа афсоналар орқали номи бизгача етиб келган яна қанчадан-қанча шаҳарлар, қадимий тамаддун ўчоқларининг излари сақланиб қолган. Улардан бири қадимий Дабусиядир.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридан вилоятнинг энг олис ҳудуди – Пахтачи туманига кириб бораркансиз, бугунги кун нафаси яққол сезилиб турган бу замонавий гўшадан бир неча чақирим нарида бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий қалъа мавжуд бўлганига ишонгингиз келмайди.
Бир пайтлар Ғарбу Шарқни боғлаган Буюк ипак йўлининг бир қисми бўлган қадимий кўчадан кетиб бораркансиз, Зарафшон дарёсининг чап соҳилида, катта-кичик тепаликлар бағрида, тупроқ остида қолиб кетган Дабусия қалъаси ўрнига етиб келганингизни ҳам сезмай қоласиз. Ҳар йили баҳор бу тепаликлар – сон-саноқсиз қабрлар узра ўзининг зангори гиламини тўшайди. Ер бағрини ёриб чиққан миллионлаб майсалар, алвон қизғалдоқлар худди номаълум алифбода, турфа рангларда битилган битиклар сингари бизни мозийнинг сирли манзилларига чорлайди...
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, бир пайтлар ана шу кенгликларда Дабусия қалъаси қад ростлаган. Уни турли манбаларда Дабусқалъа, Дабусий, Дабус, Даҳбус сингари номлар билан аташган. Зарафшон дарёсининг телбавор мавжлари қалъанинг шимолий деворларини ювиб, кейин ўнг тарафга бурилиб кетади.
Ривоятларга кўра, ана шу деворларда пайғамбаримизнинг амакиваччалари, Ҳазрати Али (р.а.)нинг бармоқ излари сақланиб қолган экан. Табиийки, бугунги кунда қалъа ҳам, унинг девори ҳам, у едаги табаррук излар ҳам йўқ. Бўлганда ҳам, уни ҳазрати Алига нисбат бериш ўринсиз бўлар. Чунки, ул зот бизнинг диёримизга қадам босмаганлар.
Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги бу қадимий қалъа ҳақида ўтмишдаги тарихнавис олимлар қимматли маълумотларни ёзиб қолдирганлар. Жумладан, Х асрда яшаб ижод қилган географ олим Абдулфараж Басрийнинг ёзишича, Дабусия шаҳрига Искандар Мақдуний асос солган эмиш. Тарихчи Наршахий эса, унинг ёши ҳатто Бухородан ҳам қадимийроқ эканини таъкидлайди.
“Дабус" сўзи араб тилидан таржима қилинганда темир гурзи, тўқмоқ, деган маъноларни билдиради. Қалъа ўз даврида темирдан мустаҳкам қилиб қурилгани боис, ана шундай аталган бўлиши мумкин. Тўққизинчи асрда яшаган араб тарихчиси Ал-Яъқубий ҳам бу қалъани “душман тиғи ўтмайдиган, мустаҳкам ва машҳур шаҳар” дея таъкидлаган эди”.
Яна бир машҳур тарихчи Абу Жаъфар ат-Табарий Дабусия ҳақида тўхталиб, бу ерни 10 минг нафар сарбоз қўриқлаганини ёзади. Шунингдек, Ал-Муқаддасий, Ёқут Ҳамавий, Ибн Ҳавқал, Ибн Хурдобеҳ, Ас-Самъоний, Абу Райҳон Беруний, Абул-Фидон сингари ўрта аср алломалари Дабусия билан боғлиқ маълумотларни ўз асарларида келтириб ўтадилар.
Мазкур тарихий манбаларда Дабусияда жуда катта бозорлар, масжид ва мадрасалар фаолият кўрсатгани, олтин, кумуш ва мис тангалар зарб этиладиган зарбхоналар бўлгани ўз аксини топган. Бир замонлар Дабусияда тўқилган “вадорий” деб номланган матоларнинг Ғарбу шарқда бозори чаққон бўлган. Шунингдек, Дабусияда жундан тўқилган матолар ва теридан ясалган маҳсулотлар ҳам кўп миқдорда ишлаб чиқарилган ва савдогарлар томонидан дунёнинг турли бурчакларига олиб кетилган. Буларнинг бари Дабусия ўз даврида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан катта мавқега эга бўлганидан далолат беради.
Дабусия аҳли азалдан мард, жасур, эркпарвар бўлгани ҳақида тарихий манбалар ҳам, халқ орасидаги афсонаю ривоятлар ҳам далолат беради. Араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим ўз қўшини билан Бухорони қамал қилганида унинг ҳукмдори ёрдам сўраб, Дабусияга элчи жўнатади. Дабусияликлар зудлик билан Бухоро шаҳрига йўл олади ва бухоролик мудофаачилар билан бирлашиб, душманни Амударёнинг нариги қирғоғига улоқтириб ташлайди.
Орадан кўп ўтмай, Қутайба қўшин тўплаб, Афросиёб шаҳрига ҳужум уюштиради. Лекин Бухоро ва Дабусия лашкарлари яна бирлашиб душманни мағлуб этади.
Шунда Қутайба аввал Дабусияни бўйсундирмаса, Бухорони ҳам, Самарқандни ҳам ололмаслигини англаб етади. Шунинг учун ҳам кейинги мағлубиятдан сўнг куч тўплаб, Дабусия қалъасига ҳужум қилади. Бир неча кун давом этган қақшатқич тўқнашувлардан сўнг Қутайба қалъа деворларининг мустаҳкамлиги, ҳимоячиларининг моҳир чавандоз, ўткир мерганликларига тан беради. Камон ўқлари ва қилич тиғларига кучли таъсир этувчи заҳар суртилганлиги боис, ундан жароҳат олган ёғийлар дарҳол ҳалок бўларди. Шунда Қутайба қалъани қамал ҳолатида сақлашга қарор қилади. Қалъага кириб-чиқувчи яширин йўллар, чашмалардан сопол қувурлар орқали сув оқиб келиши, махсус омборларда озиқ-овқатлар сақланишини душман билмаган. Бу ерда беш йилгача етадиган қуритилган гўшт, мевалар, дон улкан сопол кўзаларда сақланган.
Араблар қўлига асир тушиб қолган дабусияликлар сир олиш учун жуда қаттиқ қийноққа солинган. Асирлар хоинликдан кўра мардларча ўлимни афзал билиб, ўз тилларини тишлаб узиб ташлаганлар.
Ниҳоятда танг аҳволда қолган Қутайба қалъа атрофидаги қишлоқлар аҳолисини қатл қилишга фармон беради. Шундан кейин қалъа мудофаачилари сони кескин камайиб боради. Улар ўзларини ўлимга маҳкум этсалар-да, таслим бўлишмайди. Шундан кейингина босқинчилар ҳимоясиз қолган қалъага бостириб кирганлар.
Қалъа ҳудудида олиб борилган илмий изланишлар жараёнида топилган иш қуроллари, рўзғор буюмлари, ҳунармандчилик ускуналари, овчилик ва чорвачилик қуроллари сифати, пишиқлиги, ихчамлиги ва ташқи кўриниши билан анча тараққий этганлигидан далолат беради. Ҳатто, қалъанинг бутун ҳудудига сопол қувурлар ётқизилиб, канализация тизими яратилган, тоза ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилган.
Тарихий манбаларни варақлар эканмиз, бир пайтлар бу кўҳна кент не-не фотиҳу жаҳонгирларни кўрганига амин бўламиз. Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимиз бу масканга қадам ранжида қилишган. Эҳтимолки, Самарқандда умрининг энг навқирон дамларини кечирган Ҳазрат Навоий ҳам бир муддат Дабусияда тўхтаб ўтган, балки мана шу кенгликларда туриб, ўзининг малоҳат ва назокатга бой байтларини битгандир?
Дабусияда туғилган алломалар ичида энг машҳури фақиҳ, қози Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ад-Дабусийдир. Ул зот Бухоронинг етти машҳур қозисидан бири, ҳанафий мазҳабининг йирик вакили ва пешвоси бўлганлар. Абу Зайд ад-Дабусий 978 йили Дабусияда таваллуд топган ва шу ерда улғайиб машҳур алломалардан таълим олиб, фиқҳ илмининг билимдони бўлиб етишган.
Дабусий нисбаси билан танилган яна ўнлаб алломалар номи ва асарлари бизгача етиб келган. Бу эса, Дабусия қадимий маданият ва маърифат бешикларидан бири бўлганини яна бир карра тасдиқлайди.
Дабусия асрлар давомида барқарор, мустаҳкам қалъа сифатида мавжуд бўлган. Темурийлар, Шайбонийлар, Аштархонийлар сингари сулолалар даврида ҳам Дабусия ўз стратегик аҳамиятини йўқотмай келган. Ўн тўққизинчи асрнинг биринчи ярмида, Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар давридан бошлаб, қалъа Зиёвуддин номини олган. Дастлаб, Дабусия ва Зиёвуддин атамалари тенг қўлланган бўлса, кейинчалик, Дабусия атамаси истеъмолдан чиқиб кетган. Ўша пайтларда Зиёвуддин ҳам қалъа номи, ҳам Бухоро амирлигидаги вилоят номи сифатида қўлланган. Бугунги Пахтачи тумани маркази – Зиёвуддин шаҳри эса, тарихий Дабусиядан 7-8 чақирим масофада жойлашган.
Дабусия нима сабабдан ҳувиллаб қолгани, одамлар бу ҳудудни ташлаб кетгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Бу ҳолни кўпчилик қалъадан бир неча чақирим масофда, бугунги Пахтачи тумани марказида янги Зиёвуддин шаҳрининг юзага келиши, аҳлининг кўпчилиги шу ерга кўчиб келиши билан изоҳлашади.
Ҳа, бугун бу тарихий ҳудудда ана шу девор парчаларию, ягона обида Баҳра ота мақбарасидан бўлак иншоотни учратмайсиз. Мазкур иншоот ўрта асрларда қад ростлаган бўлиб, унда бир пайтлар шу ҳудудда яшаб ўтган улуғ алломалардан бирининг хоки ётибди.
Кўҳна Дабусия кенгликлар узра яна бир оқшом чўкмоқда. Бу масканни тарк этарканмиз, дилимиздан ўтаётган хазин, тушуниксиз туйғулар ўз-ўзидан қуйма сатрларга айланади.
Бунда ҳар бир қадам – асрларга тенг,
Ҳар зарра мангулик, эрк нишонаси.
Қадим Дабусия – кўҳна тарихнинг
Янги дунёдаги элчихонаси...
Рустам ЖАББОРОВ
Шу йил 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси ўтказиб келинаётган амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди. Шунингдек, унда Диний идора бўлими бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Музаффар домла Камолов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Дилмурод Раҳимовлар қатнашди.
Мазкур тумандаги “Исломобод” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва Олмазор туманидаги масжид имом-хатиблари ҳам иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китоб бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати юксак улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг фаолияти учун дастурамал бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб барча иштирокчиларга тарқатилди.
Тадбир давомида туман бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Олмазор туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда шаҳардаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Рустамов Эргашали бошчилигида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилиб, улар Олмазор туманидаги 21 та масжид ва маҳалласига бириктирилди.
Тадбир доирасида амалиёти назарда тутилган йўналишлар бўйича қуйидагилар амалга оширилди:
Биринчи йўналиш бўйича имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 105 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди: Хусусан:
- 20 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, тушунчалари тўғриланди;
- 15 та хонадонда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, муқаддам судланганлар билан суҳбат қилинди;
- 20 та нотинч оила ўрганилиб, муаммонинг сабаблари бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;
- 15 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан суҳбат қилиниб, зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида насиҳат қилинди;
- ногирон, касал, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 20 та оилага кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраш баробарида совға-саломлар улашилди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.
Кирилган 105 та хонадоннинг ичидан моддий имконияти чекланганларига ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 42 000 000 (қирқ икки миллион) сўмлик рўзғорлик маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди;
Иккинчи йўналиш бўйича имом-хатиб фаолияти ўрганилди. Жумладан, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган 21 та масжидда пешин намозини адо қилиб, жамоатга маъруза қилиб бердилар. Тинчлик неъмати, шукроналик, ақидада адашмаслик, мазҳабга эргашиш каби муҳим мавзудаги чиқишларда 3800 га яқин тингловчи қамраб олинди.
Шунингдек, якуний йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича сўз юритди.
Йиғилишда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқатни мунтазам йўлга қўйиш, кадрлар масаласига эътиборни кучайтириш, маърузаларни Фатво марказидан чиқарилган жума тезислари ва қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда бойитиш, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари маърузалар қилиш ҳақида сўзлади.
Диний идора Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин Зуҳриддинов масжидларда иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш, эҳсон қутилардаги тушумларни комиссия аъзолари иштирокида далолатнома асосида банкдаги ҳисоб рақамларга кирим қилиш, тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, жаноза маросимларда бидъат-хурофатларга чек қўйиш тўғрисида гапирди.
Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов мавжуд маҳаллаларга барча имом-хатиб ва имом-ноибларни бириктириш, маҳалла еттилиги билан ҳомкорликда ишларни йўлга қўйиш, шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида маъруза қилиш, кибер жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида айтиб ўтди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Олмазор тумани имом-хатиблари ютуқ ва камчиликлари юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати