— Халқ орасида: “Ўргимчак (шу жумладан чаён) тушган сувни агар у сув тўла идишга тушган бўлса, бутунлай ҳаммасини тўкиб ташлаш керак, ит ялаган сувни ичиб бўлмайди, калтакесак одам терисига тегса, 40 марта ювиниш керак, деган гаплар бор. Шулар ростми?
— Бу гапнинг қаердан келиб чиққани номаълум. Жумҳур уламолар, шу жумладан ҳанафийлар ҳам ўргимчак, ари, суварак ва капалаклар сингари қонсиз ҳашаротлар идишдаги сув ёки таомга тушса, ҳатто таомнинг қайноқлиги сабаб ўлса ҳам, сув ёки таомни нажосат қилмайди, дейишган. Шунингдек, бу каби ҳашаротлар тушган сувни ичиш ёки таҳорат ва ғусл каби ибодатлар учун ишлатиш ҳам жоиз. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Агар биронтангизнинг ичимлигига пашша тушгудек бўлса, пашшанинг ҳаммасини ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бир қанотида даво бор” (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бундай дейдилар: “Ушбу ҳадис агар сувга ёки бирон суюқликка пашша тушиб, ўлса, уни нажосат қилмаслигига ниҳоятда очиқ далилдир. Бу аксар уламолар, шу жумладан ҳанафийларнинг ҳам фикридир. Аллома Ибн Нужайм: “Пашша тўғрисидаги мазкур ҳукм асалари, ўргимчак ва шу каби оқар қони мавжуд бўлмаган ҳашаротларга ҳам тегишли бўлади”, деган (Баҳрур-роиқ).
Ибн Қудома шундай дейди: “Агар пашша, чаён, қўнғиз ва шунга ўхшаш оқар қони бўлмаган ҳашаротлар озгина сувга тушиб, ўлса, сувни нажосат қилмайди” (Ал-муғний).
Лекин киши ўз табиатидан келиб чиқиб, чаён ёки шунга ўхшаш ҳашарот тушган ичимликни истеъмол қилиш ёхуд ундан фойдаланишни истамаса ихтиёри ўзида.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
#xabar #kirish_imtihoni #sana #manzil
2025-2026 ўқув йили учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ҳамда Тошкент ислом институти Модуль таълим шакли учун кириш имтиҳонлари санаси ва манзиллари билан танишинг:
1-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/Vmbm88k5b7tJg9WH6)
29-31 июль кунлари Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжиди мажлислар зали;
2-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/4LDn82ij51CtGkzq5)
5-7 август кунлари Наманган вилояти Наманган шаҳридаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси;
3-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/E5fnbp9h4M34JbMV9)
11 август куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази;
4-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/NwTKBd1QPhnj66sG9)
13 август куни Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси;
5-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/sLRA2EXo4rfrHhNPA)
15 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом таълим муассасаси.
Имтиҳон саналари ҳудудлардаги абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланган.
Маълумот ўрнида абитуриентлар ўзининг имтиҳон рухсатномасида кўрсатилган ҳудуддагина имтиҳон топшириши мумкин. Бошқа ҳудудларда қабул қилинмайди. Шу боис улардан ўзлари танлаган ҳудудда бўлишлари талаб этилади.
Ҳурматли абитуриентлар! Қабул имтиҳонлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний таълим муассасаларнинг расмий саҳифаларида кузатиб боринг.
Имтиҳон рухсатномасини олиш тартиби бўйича қўшимча маълумот берилади.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати