Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси кўмагида Туркия Дин ишлари бошқармасининг масъул ходимлари, уламолар ва ушбу давлатда кенг ёйилган Нақшбандия тариқатининг фаол аъзоларидан иборат делегация Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Бош консулхона вакиллари 140 нафар бўлган туркиялик зиёратчиларининг ташрифларини тегишли вазирлик ва ҳокимиятлар билан ишлаб чиқди ва уларга тегишли консуллик ёрдамини кўрсатди.
Туркиялик зиёратчиларни кузатиш тадбирида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консули Амирсаид Аъзамходжаев мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларда сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, туркиялик зиёратчилар мамлакатимиз ҳукумати томонидан сайёҳлик соҳасини, хусусан «зиёрат туризми»ни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларини, туркий миллатларнинг ота юрти бўлган Ўзбекистоннинг бой тарихи, қадриятлари ва маданиятини тиклашга қаратилган чора-тадбирларни эътироф этдилар.
– Ўзбекистонга туркиялик таниқли олимлар ва фаолларни олиб кетаяпмиз, - деди «Yesevitur» сайёҳлик агентлиги раҳбари Меҳмет Кая. – Дастуримиздан қадимий Самарқанд шаҳрининг машҳур Регистон майдони, Шоҳи Зинда ансамбли ва бошқа муқаддас зиёратгоҳларга сафарлар ўрин олган. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига ушбу турни ташкил этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати