Бугунги кун учун ғоят долзарб ҳисобланган сохта салафийлар масаласи ва улар илгари сураётган иддаолар хусусида ўз фикрларимни баён этишни лозим топдим. Сизга маълумки, бидъат аҳлининг энг кўзга кўринган намоёндалари, бу сохта салафийлардир. Бу оқим вакиллари аҳли сунна вал жамоа имомлари, мотурудий ва ашъарий уламоларга таъна тошларини отиш, уларни обрўсизлантириш йўлидан боришмоқда. Оқибатда уммат орасида аҳли сунна вал жамоа уламолари шахсиятларига нисбатан нотўғри таассурот пайдо бўлмоқда.
Аслида бунинг сабаби нимада? Тарихда бу каби ҳаракатларни кимлар, қандай тоифалар амалга оширган? Ҳозирда бўлаётган мазкур бузғунчи ҳаракатларнинг илдизи қаерда?.. Аввало, шулар хусусида айтиб ўтсам...
Ҳа, бундай “тафтишчилик”, дунё тан олган алломалар илгари сурган ғояларни инкор қилишга уринишлар бугун пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас. Унинг илдизлари неча асрлар нарига боради. Масалан, Ислом оламида Ҳужжатул ислом деб тан олинган Имом Абу Хомид Ғаззолийга (1058-1111) қилинган бўҳтонлар ёки Имом Фахридди Розий (1149-1209) ва Имом ибн Фурок (941-1015) раҳимаҳуллоҳларга қилинган ёлғон ва туҳматларни мисол қилиб келтирсак бўлади. Имом Абу Бакр ибн Фурок даврида оддий халқ аҳли бидъат таъсирига тушиб қолмасин учун карромийлар, ҳашавийлар ва мужассималар билан авом халқнинг ҳузурида очиқ баҳслар қилинар эди. Бундай баҳс қилиш аҳли сунна вал жамоа тарафдорларининг услуби ҳисобланади. Ҳозирги замонга келиб эса аҳли сунна вал жамоа уламолари ва уларнинг шогирдларида соф ақидани сақлаш ва уни тарқатишда, аҳли бидъатга раддия беришда сусткашлик сезилмоқда.
Имом Ашъарийнинг аҳли бидъатга қарши қилган ишлари ва айтган сўзлари бизга ибрат бўлиши керак. У зот муътазилий ва карромийлар билан тўғридан-тўғри уларнинг мажлисларига кириб бориб баҳслар қилар ва улардан баҳс қилишни талаб қилар эдилар. Имом Ашъарий: “Ҳозирда бу муътазилийлар минбарларни эгаллаб ҳукмронлик қилиб туришибди, улар ўз минбарларидан токи биз уларни олдига чиқмагунимизгача улар бизнинг олдимизга тушмайди”, деб айтганлар.
Худди шу каби ишни кейинчалик Имом Ашъарийнинг шогирди Ибну Фурок ҳам давом эттиради. Рақиблар Ибну Фурок билан илмий баҳс олиб бора олмасликка кўзлари етгач, унинг устидан ҳукмдор Маҳмуд ибн Субуктекинга шикоят қилиб боришади. Турли хил туҳмат гапларни айтишади. Гўёки Ибн Фурок Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг нубуввати у Зот бу дунёдан кўз юмганларидан кейин тугаганлиги ва инсонлар унга амал қилмаслиги лозимдур, деб айтган эмиш. Маҳмуд Ибн Субуктекин Ибн Фурокдан ғазабланиб, уни ўз ҳузурига чақиртиради. Ибн Фурок ушбу туҳматларни ашъарий олимлар келтирган далиллар билан пучга чиқаради ва Маҳмуд Ибн Субуктекин томонидан турли хил ҳадялар билан тақдирланади. Аммо шундан сўнг ўша мужассималар унга суиқасд уюштирадилар, олимни заҳарлаб ўлдиришади.
Имом Ибн Фурок муташобеҳ ҳадислар ҳақида ёзган китоблари, усул ва тафсирлари билан машҳурдирлар.
Ҳар бир асрда аҳли сунна вал жамоа уламолари чиқиб, ўшандай бидъат аҳлларига ўзларини илмий раддияларини бериб келишган. Ҳозирда ҳам, айниқса, сохта салафийлар (ваҳҳобийлар) ўтмишда ўтган ва ҳозирда фаолият кўрсатиб келаётган аҳли сунна уламоларини камситиб, одамлар наздида аҳамиятини тушириш учун ҳаракат қилмоқда. Масалан, Имом Ғаззолийни ёзган асарларида, “Иҳё улумуд дин” китобларида заиф ҳадисларни кўп келтирган, деб маломат қилишади.
Хўп, савол туғилади, Имом Ғаззолий мазкур китобларини саҳиҳ ҳадисларни тўплаш учун ёзганмилар ёки китобларини номини “Иҳёдаги саҳиҳ ҳадислар” деб номладиларми? Йўқ, албатта, унда Ҳужжатул Ислом қаердан бунчалик ҳужумга учрайдилар?! Имом Байҳақийнинг “Шуаъбул иймон” саҳиҳ тўпламларида ҳам кўплаб заиф ҳадислар мавжуд. Ундан ташқари, бошқа муҳаддис олимлар ҳам ҳадис тўплашда фақатгина саҳиҳ ҳадисларни эмас, балки заифларини ҳам тўплашни мақсад қилганлар.
Нега энди сохта салафийлар атайин Имом Ғаззолийга ҳужум қилишади?! Жавоб аниқ, чунки бу зот ашъарий олимлардан ҳисобланиб, мужассималарга илмий раддияларга тўла ақидага оид асарлари билан танилганлар.
Шунинг учун ҳам сиз мужассималар тарафдорларини у зотга нисбатан ўз ғазабларини тўкаётганини кўрасиз. Улар “Иҳё улумуд дин” номли китобларини кўп тилга олиб, унда заиф ҳадислар кўп деб гапиришади.
Айтингчи, қайси бир олим ўз асарида фақатгина саҳиҳ ҳадисларни ишлатган, Имом Бухорий ва Имом Муслим каби саноқли олимларгина шу шарт билан ҳадисларни тўплаганлар. Имом Ал-Ироқий ва шу каби бошқа катта муҳаддислар Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумуд дин” китобидаги ҳадисларни тахриж қилганлар. Улар илмий услуб билан асардаги заиф ҳадисларни саҳиҳларидан ажратиб беришган, улар Имом Ғаззолийни камситишни мақсад қилишмаган, чунки бундай камситиш йўли ҳақиқий олимларнинг йўли эмас.
Аслида бир китобнинг муқаддимасида мен бу китобда фақат саҳиҳ ҳадисларнигина келтираман, деб шарт қўйилса ва китоб давомида заиф ва тўқима ҳадислар келтирилса, эътироз ўринли бўлар эди, аммо имом Ғаззолий бундай қилмаганлар. Ул зот мушаббиҳа ва мужассималарга қарши асарлар ёзганлар, улардан бири “Ал-иқтисод фил эътиқод” номли асарлари. Ундан ташқари адашган фалсафачиларга раддиялар бериб, уларнинг илмий салоҳиятларини йўққа чиқарганлар.
Ҳозирда баъзи бир замондошларимизни Имом Фахруддин ар-Розий шаънларига ҳам турли хил ёлғон ва туҳматларни ёғдираяётганларини кўрамиз. Бунинг сабаби ҳам оддий, агар бу буюк олимнинг таржимаи ҳолларини ўрганиб чиқадиган бўлсак ҳаммасини тушуниб оламиз.
Имом Субкий айтадилар: “Имом Фахриддин Розий мушаббиҳалар ва карромийларни таъқиб қилиб, улар билан очиқ баҳс қилганлар ва улар бу кишидан қандай қилиб қутулишни билмаганлар, улар ҳаттоки, баҳс асносида йиғлаш даражасига тушиб қолишар эди”.
Имом Розий уларга қарши “Таъсис аттақдис” асарини ёзганлар ва у китобда карромийлар ҳамда мужассималарга илмий раддияларни ёзиб қолдирганлар. У зот қаерга бормасин бу каби аҳли бидъатларни баҳсга чақириб, тинч қўймас эдилар. Улар ҳам ўз навбатида олимга суиқасдлар уюштиришар эди, аммо бу кабиҳ ишлари амалга ошмас эди.
Ҳозирги кунда ҳам сохта салафий намоёндалари Имом Розий даражаларини тушириш, ақлни нақлдан устун қўйган деб ва ҳаттоки куфрда ва динсизликда айблаш даражасига боришмоқда.
Қисқа қилиб айтганда, улар ўзларининг боболари бўлмиш карромий мушаббиҳалардан қолган ғаразли меросларини давом эттириб келмоқдалар. Бу уларнинг услуби ҳисобланади. Улар оддий халқ орасида ушбу ишларини ўзларининг ботил ақидаларини сингдириш мақсадида амалга оширадилар.
Аксари одамлар эса илмсизликлари оқибатида ўзи ишонган мавъизачи имомининг алдовларига лаққа тушаверадилар. Агар сиз шу каби инсоннинг олдига келиб, Имом Розий ё Имом Ғаззолий ҳақида гап бошласангиз, у табийки сесканиб тушиб, биз Қуръон ва суннатга эргашамиз, фалсафа ва каломчиларнинг гапини гапирма деб сиздан нари кетишади.
Мана шундай қилиб, бу сохта салафийлар оддий халқни йўлдан чалғитишади. Бу жудаям катта қабиҳ иш ва услуб ҳисобланади. Мана шу сабаб ҳозир оддий халқ орасида Ашъарий ва Мотуридий каби олимлар хусусида янглиш тушунчалар шаклланмоқда. Бунинг сабаби – ўша сохта салафийлар ўз даъватларини оддий халққа қаратишгани ва биз илм аҳллари эса етарли даражада уларга раддия беролмаётганимиздир.
Шаръий илмларни ўрганаётган илми толиблар ҳақиқий шахс бўлиб, ўзининг эътиқодида мустаҳкам бўлиши ва ўтмишдаги буюк имомларимиз каби ўзини намоён қилиш керак. Чунки бу эътиқод далил ва ҳужжатга асосланган, салафи солиҳлар унга эътиқод қилган ва ҳозирда кўпчилик эътиқод қилаётган соғлом эътиқоддир, юқорида номи зикр қилинган мужассима ва мушаббиҳаларнинг эътиқоди эмас.
Аммо ҳозирги кунимизда бидъатчи бўлмиш сохта салафийлар таъсирига тушган кўпчилик ёшлар халқ орасида аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг асоси бўлган икки мактаб соҳибларини тортинмасдан, уятсизларча камситиб келмоқдалар. Улар ўзларига лойиқ бўлмаган, аслида ҳақиқий олимларга бериладиган минбарни эгаллаб олиб, кўча-кўйда, интернет ижтимоий тармоқларида ўзларини ботил эътиқодларини тарқатиб келмоқда. Ўтмишда уламолар шундай ҳолатлар содир бўладиган бўлса, дарҳол илмий ёндошиб, бу каби фитначиларнинг раддиясини берар эдилар.
Шундай экан, ҳозир уларга нисбатан жим туриб кузатиб турадиган вақт эмас, минг йилдан бери ота-боболаримиз амал қилиб келаётган эътиқодни, тўрт мазҳаб соҳибларининг ҳақ йўлини ботилдан ҳимоя қилиш, адашган кимсаларни тўғри йўлга қайтариш вақтидир. Ҳар бир илм кишиси ўз оиласи, қавму қариндошларидан бошлаб қўни-қўшни ва ёру дўстларини ҳам ботил ақидадан ҳимоя қилиши вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло бутун дунёдаги мусулмонларни, хусусан, юртимизда яшаб келаётган мўмин-мусулмонларни бундай залолатлардан асрасин, тинчлик ва осойишталикни таъминласин.
Рустам Охунжонов
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти муддариси
“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.
Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?
Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?
Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.
Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.
Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.
Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.
Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?
Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.
Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?
Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекистон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг
Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.
- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.
Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.
Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.
“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак
Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.
Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.
Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.
Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.
Фазлиддин Рўзибоев.