Мўмин киши жаннатнинг ҳам, дўзахнинг ҳам ҳақ эканлигига ишониши керак. Ояти карималарда ҳам жаннатлар васф қилинган. Мисол учун:
«Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
Шунингдек, Ал-Ҳаққо сурасининг 21–22-оятларида:
«Бас, у қониқарли маишатда, олий жаннатда...», деб марҳамат қилинган. Демак, Аллоҳ таоло мўмин, мухлис бандаларига олий жаннатларни тайёрлаб қўйган.
Ҳадиси шарифларда ҳам жаннатларнинг даражалари баён этилган. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат дарахтлари ҳақида сўрашди. У зот: “Жаннат дарахтларининг барглари тўкилмайди, шохлари қуримайди, ғовлаб ҳам кетмайди”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳмат қилдилар:
«Жаннатда шундай дарахт борки, уловдаги киши унинг бир япроғи соясида юз йил юрса ҳам тугамайди”, дедилар ва: “Агар хоҳласангиз: “..ёйиқ соя (ости)да,” оятини тиловат қилинг” дедилар» (Имом Доримий ривояти).
Жаннатдаги энг улкан дарахт номи “Тубо” бўлиб, асли дурдан, ўртаси ёқутдан, энг юқориси тилладандир. Шохлари забаржаддан, япроқлари шойидан бўилб, унинг мингта шохи бор. Энг узун шохи Аршнинг шифтига ёпишиб туради, энг калтаси эса дунё осмонига тегиб туради.
Жаннатнинг хонаси ҳам, гумбази ҳам йўқ. Лекин унда солиб турувчи дарахт шохлари бор. Унда шундай мевалар борки, уларнинг таъмини дунёда топиш қийин. Улар худди қуёшга ўхшайди. Қуёш осмонда танҳо бўлса-да, лекин унинг зиёси бутун ер юзини нурафшон қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Жаннатнинг саккизта эшиги бор. У эшиклар тиллодан бўлиб, гавҳарлар қадалгандир. Аввалги эшикда “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб ёзилган бўлиб, у пайғамбарлар, шаҳидлар, сахийларнинг эшигидир. Иккинчиси намозлари ва таҳоратларини комил қилгувчи намозхонларнинг эшиги, учинчиси моллари закотини бергувчиларнинг эшигидир. Тўртинчиси рўзадорлар, бешинчиси амри маъруф ва наҳий мункар қилгувчилар кирадиган эшик, олтинчиси ҳаж ва умра қилгувчиларнинг эшигидир. Еттинчисидан мужоҳидлар, саккизинчисидан кўзларини ҳаромдан тийгувчилар ҳамда силаи раҳм ва ота-оналарига эзгулик қилиш каби солиҳ амаллар қилгувчилар киришади».
"Мусулмон учун 30 ваъз" китобидан
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.