Бухорода ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Тошкент шаҳри ва Самарқандда ташкил этилган анжуманнинг узвий давоми ҳисобланади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослар, ҳуқуқшунослар ва Ўзбекистон томонидан турли конфессиялар вакиллари, дин олимлари, уламолар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда бошқа расмий вакиллар қатнашди.
Бухоро декларацияси “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумининг якуний ҳужжати ҳисобланади. Ҳужжат дунёнинг 10 мамлакати етакчи диншунослари, исломшунослари, дин ва расмий вакиллари томонидан тасдиқланади.
Бухоро декларациясида Ўзбекистон ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини тарғиб қилиш борасидаги амалий қадамлари ўз ифодасини топган. Ҳужжат барча дин вакилларини жамиятда конфессиялараро мулоқот ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ва дастурларни амалга оширишга чақиради.
Декларацияда инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида эътиқод эркинлигига қатъий риоя қилиш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг фақат жамоат хавфсизлиги, тартиби, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида эътиқод эркинлигини чеклашга йўл қўймаслик тўғрисидаги позициясини маъқуллаш, кучайиб бораётган муросасизликнинг, дин ёки эътиқодга асосланган зўравонлик ҳаракатларининг кучайишини қоралаш, ахборот макони, жумладан, ижтимоий тармоқларда диний муросасизлик ва камситиш ташвиқотини олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда терроризм, экстремизм ва уларнинг барча шаклларида ҳеч қандай дин, цивилизация, миллат, этник гуруҳ ёки эътиқод тизими билан боғланиши мумкин эмаслиги ҳам баён этилади. Диний бинолар, зиёратгоҳларнинг тарихий ва маданий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уларни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланади.
Қайд этиш жоизки, Бухоро декларацияси аввал қабул қилинган декларацияларнинг тамойилларини ўз ичига қамраб олган. Динларнинг тинчликсевар моҳияти, динлараро мулоқотнинг муҳимлиги, диний таълимнинг экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, эътиқод эркинлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатидаги аҳамияти шулар жумласидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари учун 2025-2026 ўқув йили қабул имтиҳонларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов диний таълим муассасалари учун янги ўқув йили кириш имтиҳонларини тартибли ўтказиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Муфтий ҳазратлари имтиҳонларни адолатли ва холисона ўтказиш, тартиб-қоидаларга риоя этиш, жараёнлар шаффоф бўлишига эришиш ҳамда тегишли хоналар хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув камералари билан жиҳозлаш каби муҳим жиҳатларга диққат қаратдилар. Шунингдек, имтиҳондан олдин абитуриентлар билан ўтказиладиган суҳбатлар ҳам белгиланган тартибда бўлишига урғу бердилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имтиҳонларни очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш орқали ёш авлод ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, иқтидорли ёшларга билимларини намоён этишга имконият беришни қайд этдилар. Шунингдек, имтиҳон олишга масъул устоз ва мутахассислар Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам, халқимиз олдида ҳам улкан масъулиятни чуқур ҳис этиши ҳамда номақбул иллатлардан сақланишларига катта диққат қаратдилар.
Мадрасаларга кириш имтиҳон саволлари умумтаълим мактаб дастурлари асосида, Олий диний таълим муассасалари учун кириш имтиҳон саволлари эса мадраса таълим дастурлари асосида бўлиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида қуйидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди:
– Қабул жараёнларини намунали ташкил этиш;
– Юқори даражада хавфсизлиги таъминланган электрон дастурлардан фойдаланиш;
– Абитуриентлар учун муносиб шароитларни яратиш;
– Абитуриентларга тест синовларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
– Имтиҳон жараёнини видеокузатув қурилмалари орқали назорат қилиш;
– Ота-оналар учун кутиш жойларини тайёрлаш;
– Имтиҳон жараёнларини намойиш этиш учун экранлар ўрнатиш.
Қабул имтиҳонлари муваффақиятли ўтишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати