— Болаликда катталар шундай ўргатишгани учунми, янги ой чиққан пайтда дуо қилар эдик. Дуоимизда яхши ниятлар қилар эдик, албатта. Шу ишимиз кичик ширк бўлмаганми?
— Янги ой кўрилганда дуо қилиш ширк эмас. Сўраладиган нарсани ойдан сўралмаса бўлди.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳилолни кўрсалар: “Ҳилолу хойрин ва рушдин. Ҳилолу хойрин ва рушдин. Ҳилолу хойрин ва рушдин” ва уч марта “Ааманту биллазии холақока”, дер эдилар. Сўнгра “Фалон ойни кетказиб, фистон ойни келтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Дуонинг маъноси: “Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Сени яратган Зотга имон келтирдим”.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар, “Аллоҳим! Уни бизга хайр-барака, иймон, саломатлик ва Ислом ила чиқаргин. Роббим ва Роббинг Аллоҳдир”, дер эдилар” (Имом Термизий ривояти).
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД