Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Бухородаги юртимиз ва хориждаги нуфузли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги “Декларациялар мулоқоти” форумида қатнашиб, нутқ сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари нутқлари аввалида нуфузли анжуман қатнашчиларини ташриф билан қутлаб, кейинги йилларда халқаро ҳамжамият билан алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъий назар дўстона муносабатда бўлишга чақириши, Ислом азалдан ўзга дин вакилларига эҳтиром ила муомалада бўлиш ва самимий мулоқот қилишни ўргатиб, тинч-тотув яшашга даъват этишини баён этиб, ушбу нуфузли форум ҳам турли дин вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишига муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.
Нутқ давомида Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда диний жабҳада ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилгани халқимиз ҳаётида ўз аксини топиб, кўплаб ижобий натижаларга васила бўлаётаганини ҳам қайд этиб, сўзлари якунида халқаро анжуман фаолиятига муваффақият тиладилар.
Сафар тафсилотини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло айтади: "Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур" (Муҳаммад сураси, 6-оят).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: "Жаннат аҳли жаннатдаги уйларини таниб олишади. Ҳатто бир киши жаннатда ўз уйига дунёдаги уйига келгани каби бориб олади", деди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: "Яъни, улар жаннатда ўз манзилларини осон топадилар", деди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: "Бу оят мўминларга берилган улуғ бир муждадир. Чунки дунёда улар сабр қилдилар, иймонларини мустаҳкам тутдилар. Энди жаннатда ўз маконларини Аллоҳнинг ҳидояти билан осонгина топадилар. Бу Аллоҳнинг уларга лутфидир", деди.
Аллоҳ таоло мўминлар ва тақводорларни Ўзи уларга тавсифлаб, таърифлаб берган жаннатга киритади. Бу жаннат улар учун аввалдан тайёрланган ва улар унда ўз манзилларини худди дунёдаги уйларини билгандек, осонгина топадилар.