Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Бухородаги юртимиз ва хориждаги нуфузли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги “Декларациялар мулоқоти” форумида қатнашиб, нутқ сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари нутқлари аввалида нуфузли анжуман қатнашчиларини ташриф билан қутлаб, кейинги йилларда халқаро ҳамжамият билан алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъий назар дўстона муносабатда бўлишга чақириши, Ислом азалдан ўзга дин вакилларига эҳтиром ила муомалада бўлиш ва самимий мулоқот қилишни ўргатиб, тинч-тотув яшашга даъват этишини баён этиб, ушбу нуфузли форум ҳам турли дин вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишига муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.
Нутқ давомида Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда диний жабҳада ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилгани халқимиз ҳаётида ўз аксини топиб, кўплаб ижобий натижаларга васила бўлаётаганини ҳам қайд этиб, сўзлари якунида халқаро анжуман фаолиятига муваффақият тиладилар.
Сафар тафсилотини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жакарта шаҳридаги Шариф Ҳидоятуллаҳ университети ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида нуфузли халқаро анжуман ташкил этилди.
Мазкур анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг бой маънавий мероси алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Индонезия ўзининг диний бағрикенглиги, илмий салоҳияти ва маданий хилма-хиллиги мисолларда кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, Индонезия Дин ишлари вазирлиги вакили, доктор А.Салим:
"Ислом илми биргина жумла орқали чексиз маъноларни очиб бера олади. Бу унинг ҳаётийлиги ва доимо ривожланиб боришидаги кучидир," – дея таъкидлади.
Шунингдек, анжуманда Индонезия ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий ришталар, жумладан, Президент Сокарнонинг Имом Бухорий мақбарасини қайта кашф этишдаги роли, Валисонго орқали исломнинг тарқалиши каби мавзулар кенг ёритилди.