Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази Бош котиби Туркий Муҳаммад аш-Шувайъир билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Т.Шувайъир сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардор эканлигини маълум қилар экан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама алоқалар сифат ва мазмун жиҳатидан кун сайин ривожланиб бораётганини айтди.
“Икки давлат тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегацияларнинг ўзаро амалий сафарлари тобора фаоллашаётгани, эришилаётган келишувлар ва ўтказилаётган тадбирлар бу фикрни яққол тасдиқлайди. Жумладан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонидаги илмий-таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бораётир, улар ўртасида ҳамкорликка оид имзоланаётган Англашув меморандумлари ҳар икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилади”, деди у.
Бош котиб 2021 йил январь ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида имзоланган Англашув меморандуми асосида ҳозирги кунда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қатор ижобий натижа ва муваффақиятларга эришилганлигини таъкидлади.
У мамлакатимиз буюк аллома ва мутафаккирларга бешик бўлгани, улар Ислом цивилизацияси равнақига улкан ҳисса қўшганларини қайд этар экан, ўзининг Ўзбекистон заминига сафари унутилмас таассуротларга бой бўлганини маълум қилди.
Суҳбатдош ҳозирги кунда Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази дунёнинг бир неча давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани, улар билан ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилгани, марказ томонидан нашр этиладиган нашрлар ҳамда Марказдаги қўлёзмаларни асраш, рақамлаштириш ва архивлаштириш бўйича ихтисослаштирилган бўлинмалар фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.
Учрашув доирасида икки давлат илмий-таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш ва уларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бўйича элчихона томонидан қатор таклифлар ўртага ташланди.
Т.Шувайъир мазкур таклифларнинг Саудия Арабистони тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари учун муҳим эканлигини инобатга олиб, уларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистондан келадиган делегация аъзоларини кутиб олишга тайёр эканлиги ва бўлажак сафар самарали ўтиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этажагини маълум қилди.
Бош котиб Т.Шувайъир Ўзбекистон Ислом цивилизация марказининг Подшоҳликда филиалини очиш, Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари марказининг кутубхонасини эса Тошкентда барпо этиш таклифларни қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази томонидан чоп этиладиган китоб ва журналларни ҳам Ўзбекистонга тақдим этишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари марказига Саудия Арабистони Подшоҳлигида араб тилида чоп этилган “Ўзбекистон – уламолар замини. Имом Бухорий юртига саёҳат” номли китоб туҳфа этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илм пайғамбарлар мероси, бойлик эса подшоҳлар ва бойларнинг меросидир.
Илм ўз эгасини сақлайди, мол-дунёни эса эгаси қўриқлайди.
Илм қанча сарфланса шунча кўпаяди, пул эса сарфлангани сари камаяди (инфоқ, эҳсон, садақадан ташқари).
Мол-дунё солиҳда ҳам, фожирда ҳам бўлиши мумкин, аммо (фойдали) илмга фақат мўмин эга бўлади.
Илм ўз эгасига қабрда ҳам ҳамроҳ бўлади, бойлик эса инсон вафот этганидан кейин уни тарк этади (қилган садақаларидан ташқари).
Илм ҳокимдир, у бойликни бошқаради. Мол-дунё эса бошқарилади.
Бойлик эгаси бир кечада қашшоқ ё камбағал бўлиб қолиши мумкин, аммо илм соҳибида бундай қўрқув йўқ.
Олимга подшоҳлар муҳтож бўладилар, мол-дунё эгаси эса фақир ва мискинларга керак.
Бойлик инсонни дунё муҳаббатига етаклайди, илм эса Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлайди.
Бойлик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Ўғрилар қанча бойларнинг мол-дунёсини хонавайрон қилишди. Илм эса инсон вафот этганидан кейин соҳибига ҳаёт бериб туради.
Илмнинг саодати доимий, бойликники вақтинчадир.
Олимнинг қадр-қиммати илми ила, аммо бойнинг қадри мол-дунёси билан ўлчанади.
Бой одам бойлиги билан инсонларни дунёга, олим эса ўз илми билан охиратга чорлайди.
Даврон НУРМУҲАММАД