Бугун, 14 май куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ислом олами робитаси Халқаро ёрдам, фаровонлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби доктор Абдулазиз Сарҳан жаноблари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида учрашув ўтказдилар.
Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда сўнгги йилларда мўмин-мусулмонларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш борасида ишлар қилинаётганини сўзлаб, республикада масжидлар сони 2114 тага етгани, кун сайин янги масжидлар очилаётгани, 13 та диний таълим муассасаси ишлаётгани, ҳудудлардаги илмий мактаблар фаолият юритаётгани, 21 ҳудудда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари жадал ишлаётгани, умра зиёратига чекланмаган ададда фуқаролар бориб келаётгани, Рамазон ойида имом-хатибларимиз АҚШ, Европа, Россия ва МДҲ мамлакатларида масжидларда хизмат қилаётгани кабиларни сўзлаб бердилар. Шунингдек, Ислом динини кенг ёйиш борасида қилинаётган илмий-маърифий ишларга ҳам алоҳида тўхталдилар.
Абдулазиз Сарҳан жаноблари Ўзбекистон Ислом илмлари равнақ топган табаррук замин экани, Имом Бухорий бу диёрни бутун оламга машҳур қилгани, барча мўмин-мусулмонлар бу улуғ зот билан ифтихор қилишини изҳор этди. Бош котиб мамлакатдаги бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратда экани, айниқса, барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази мусулмон олами учун ҳам жуда катта фахр бўлишига ишонч билдирди.
Мартабали меҳмон дунёнинг турли ерларида ўзбек миллатига мансуб инсонлар истиқомат қилиши, хусусан, Саудия Арабистонининг Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида ҳам кўплиги, улар орасида ислом уламолари ҳам борлигини эътироф этди. Шунингдек, ушбу ўзбеклар ўзларининг миллийлиги, урф-одатларини сақлаб қолганлари таҳсинга лойиқ эканига тўхталди. Кўп жиҳатларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида муштарак ўхшашликлар мавжуд эканини сўзлади.
Абдулазиз Сарҳан Ислом олами робитаси мусулмон оламида нуфузли ташкилот экани, унинг дунё бўйлаб 70 дан ортиқ муассасалари фаолият юритиши, масжидлар қуриш, қудуқлар қазиш каби хайрия ишларини ҳам амалга ошириши ҳақида маълумот берди.
Келгусида Ислом олами робитаси делегацияси Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилгани, мазкур сафар асносида юртимиз алломалари ва мутафаккирлари мероси билан яқиндан танишиш, диний-маърифий соҳадаги фаолиятни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашишни айтиши баробарида муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Саудия Арабистонидаги Ислом олами робитаси қароргоҳида кўришдан жуда ҳам мамнун бўлишини изҳор этди Бош котиб доктор Абдулазиз Сарҳан жаноблари.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Одамнинг ўзини севиши аслида табиий туйғу бўлиб, бу алал-оқибат кишини ўзига мафтунлик ва ўзидан рози бўлишга элтади. Ўзини яхши кўришдан эса Аллоҳнинг бошқа бандаларига нисбатан кибрланиш, манманлик қилиш ва ўзига бино қўйиш каби сифатлар келиб чиқади. Оқибатда бу банда одамларга юқоридан туриб, паст назар билан қарай бошлайди. Ҳеч ким билан ҳисоблашмайди. Бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилади. Уларга ҳурматсизлик кўрсатади. Келишувларни бажармайди. Ваъдага вафо қилмайди. Умуман олганда, одамлар билан адолатсиз муомалада бўлади.
Кибр шайтонни ҳалок қилди
Шайтон кибр-ҳавоси ва ўзини қаттиқ яхши кўргани туфайли ҳайдалди. Шайтон ўзини “Мен Одам алайҳиссаломдан яхшиман, оловдан яралганман”, дея ғурурланди. Агар дин олимлари ва солиҳ кишиларга нисбатан шунга ўхшаш муносабат қилинадиган бўлса, аслида бу ўша инсоннинг ўзини ўзи хор қилганлиги ва Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этилганлиги аломатидир. Бундай киши одамларнинг яхшилигидан маҳрум бўлади, бу эса “Уни ҳеч ким қўллаб қувватламайди, унга биров ёрдам қўлини чўзмайди”, деганидир. Бу каби одамлар одатда “Бизда илмига амал қиладиган бирор бир тақволи олим қолмади”, дейдилар. Бундай баҳо беришларининг ҳақиқий сабаби шундаки, улар ҳаммани ўзларининг феъл-хўйларидан келиб чиқиб баҳолайдилар.
Ким айтган бўлса ҳам тўғри айтган экан: “Ўзи ноқис бўлган кимсагина биродарларини ноқисликда айблайди!”.
Кибрни даволаш
Кибр — мағрурлик кишининг ўзини ҳаддан ташқари севиши (ужб)дан бошланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг қалбидаги кибрни эслатар экан, уни даволовчи дори-дармонни ҳам маълум қилади. Яъни инсоннинг заиф ва кучсиз эканлигини ҳар доим ўзига эслатиб туриш уни ўзини-ўзи яхши кўриб қолиш касалидан қутқарувчи энг таъсирчан доридир.
Аллоҳ Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Ер юзида кибр-ҳаво[1] билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўй-бастда тоғларга етолмайсан” (Ал-Исро сураси, 37-оят).
Ушбу оят инсоннинг кибр-ҳаво билан юришини таъқиқламоқда. “Ерни тешиб кетолмайсан” сўзида “инсон ўз кучи билан ерни бўлакларга бўлиб ташлай олмайди”, деган маъно бор. “Бўй-бастда тоғларга етолмайсан” каломида эса кибру ҳавога берилган инсонга истеҳзо қилинади. Шунинг учун ҳам манманлик бу – мутлақо ахмоқликдир.
Инсон кибр-ҳавоси, манманлиги билан ҳеч қачон яхши иш қила олмайди. Ахир кибр Аллоҳ ўз Китобида таъқиқ этган ўнта сифатдан биридир. Унда кеккайиб юриш кибрдан келиб чиқиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси мубораклари ҳам огоҳ этадилар: “Кимки ўзини мағрур тутса, кўнглида кибр пайдо этса ва кеккайиб юрса, қиёмат кунида Аллоҳнинг ғазабига дуч келади” (Ибн Умардан ривоят қилинган, Имом Аҳмад ривояти, “Муснад”).
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Кеккайиш.