فلينظر فيما صنّفه أبو حنيفة رحمه الله في الكلام:
وهو كتاب العالم وفيه الحُجَجُ القاهرة على أهل الإلحاد والبدعة، وقد تكلَّم في شرح اعتقاد المتكلِّمين وقرر أحسن طريقة في الرد على المخالفين.
وكتاب الفقه الأكبر الذي أخبرنا به الثقة بطريق معتمد، وإسناد صحيح عن نصير بن يحيى عن أبي مطيع عن أبي حنيفة.
وما جمعه أبو حنيفة في الوصية التي كتبها إلى أبي عمرو عثمان البتي وردَّ فيها على المبتدعين.
ولينظر فيما صنّفه الشافعي في مصنفاته فلم يجد بين مذهبيهما تباينًا بحال!
وكل ما حكي عنهم خلاف ما ذكرناه، فإنما هو كذب يرتكبه مبتدع؛ ترويجًا لبدعته.
أبو المظفر الإسفراييني الشافعي (٤٧١هـ)
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг калом илми борасида ёзган «Олим ва мутааллим» китобига қаранг. Унда динсизлар ва бидъатчиларга кучли хужжатлар келтирилган. Мутакаллимларнинг эътиқоди қай тарзда эканини шарҳлаб, мухолиф томонга энг гўзал услубда тушунча берганлар. «Фиқҳул акбар» китоби бизга мўътамад йўл ва саҳиҳ санад билан етиб келган. Нусайр ибн Яҳё роҳимаҳуллоҳ Абу Мутиъй ал-Балхий роҳимаҳуллоҳдан, у киши Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг Абу Амр Усмон ал-Баттий роҳимаҳуллоҳга ёзган «Васият» номли рисолаларида бидъатчиларга кескин раддиялар берилган.
Шунингдек, Имом Шофеъий розияллоҳу анҳунинг ёзган асарларига қаранг. Ушбу икки мазҳаб ўртасида бир-биридан фарқни топа олмайсиз!
Ушбу зикр қилганларимизга тескари айтилган бирор гапга дуч келсангиз, билингки у бидъатчининг ўз бидъатини ривожлантириш учун уйдирган ёлғонидир!
Абул-Музаффар Исфиройиний Шофеъий роҳимаҳуллоҳ (471-ҳиж.)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қоййумдир» оятидадир», дедилар».
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Дарҳақиқат, бу икки оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг исмлари ўзида катта маъноларни жамлагандир. Келинг, улар билан яқиндан танишиб чиқайлик:
«Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» (Бақара сураси, 163-оят).
Ушбу оятда Ислом ақийдасининг бош масаласи – Аллоҳнинг ягоналиги асосий қоида сифатида илгари сурилмоқда. Аллоҳнинг борлигига ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Унинг зоти ва сифатлари ҳақида тортишувлар доимо бўлиб турарди. Унинг махлуқотлар билан алоқаси ҳақида ҳам тортишувлар кечган. Фақат даҳрийларгина илоҳнинг йўқлиги ҳақида сафсата сотдилар. Аллоҳнинг борлигини инкор этдилар.
«Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қоййумдир» (Оли Имрон сураси, 1-2-оятлар).
Ояти Курсийда келганидек, ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ таолодан ўзга бандаларнинг ибодатига сазовор ҳеч бир илоҳи маъбуд йўқдир. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У Қойюм – бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир. Бошқаларнинг туриши ҳам У Зот биландир.
Бу икки ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Аммо улардан қайси бири Исми Аъзам эканига аниқ ишора йўқ.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи