Шу йил 17 апрелдан 1 майга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон делегацияси таркибида Россия Федерациясида бўлиб қайтди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари мазкур мамлакат расмийлари ва иш берувчи ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, у ерда вақтинча меҳнат қилаётган, таълим олаётган юртдошларимизга муносиб шароитлар яратиш бўйича мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммолар ҳал қилинди.
Мулоқотларда Россия ва Ўзбекистон вакиллари томонларидан бу йил “Маънавий ипак йўли” V халқаро илмий-диний анжумани ўтказилиши режалаштираётгани айтилди.
Шунингдек, мазкур мамлакат тадбиркорлари, ўзбекзабон ишбилармон вакиллари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб боришди.
Ташриф давомида Иброҳимжон домла Иномов мазкур мамлакатнинг Москва, Санкт-Петербург, Тула, Воронеж, Мурманск, Калининград шаҳарлари ва вилоятларида олий ўқув даргоҳларида, турли ташкилот ва корхоналарда мусофир ҳамюртларимизга диний-маърифий мавзуларда маърузалар қилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Хусусан, Иброҳимжон домла Иномов Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, Россия муфтийлари кенгаши раиси, муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин билан учрашув ўтказди.
Самимий учрашув чоғида Иброҳимжон домла Иномов муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои-саломлари, рамазон табрикларини етказди. Ўзбекистонлик мигрантларга Россияда ўқиш ва меҳнат қилиш учун муносиб шароит яратиш муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири бўлди.
Дўстона мулоқотлар давомида икки давлат диний соҳа вакилларининг илиқ муносабати, яхшилик йўлидаги ҳамкорлиги яхши натижалар бериши қайд этилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон делегациясининг икки ҳафталик сафари давомида Россия Федерациясининг кўплаб шаҳар ва туманларида мамлакат расмий вакиллари билан яхши ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, тегишли келишувларга эришилди, ўқиш ё иш масаласида ушбу давлатга борган ватандошларга муносиб шароитлар яратишга келишиб олинди.
Маърифий суҳбатларда мусофир ҳамюртлар диний ва ижтимоий, ҳуқуқий мавзуларда маърузалардан баҳра олиб, ўзларини ўйлантираётган масала ва саволларга жавоб олишди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларига Диний соҳа раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев номларига ташаккурнома ва миннатдорчиликлар изҳор этилди.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–275-сон, 24.07.2026 й.) қабул қилинди, хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.
Қарорга кўра, жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.
Термиз шаҳрида 2026 йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.
2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири 2026 йил ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори асосида юқори савияда ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати