Халқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана ва одатга айланиб қолган муқаддас туйғулардан бири ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш, ҳақларига дуои хайр ва эҳсонлар қилишдир. Яхши кунларимизда ҳам мусибатзада ҳолатимизда ҳам ўтганларимизни тиловат ва дуо билан ёд этамиз. Чунки бу ўтганларимиз учун манфаатли амалдир.
Абу Усайддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» деб сўради.
«Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, уларнинг аҳдига вафо қилиш, уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», дедилар».
Ота-оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, хайрли амалларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотирлар экан, жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.
Шу кунларда нафақат уруш ва уруш ортида меҳнат қилган, қатоғон ва афғон уруши қурбонлари балки юртимиз ривожи, миллат ва динимиз равнақида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонларни эслаб, хотирламоқдамиз. Уларни тез-тез хотирлаш шу кунга қадар канда бўлгани йўқ. Бугун ҳам жорий анъанага биноан диний идора раислари, муфтийлар, уламолар, имом-хатиб ва мударрисларимизни яна бир бор ёд этишни жоиз деб билдик.
1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати сифатида иш бошлаган идоранинг биринчи раиси, муфтий Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, 1957 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси этиб сайланиб, умрининг охирига (1982 йил) қадар ана шу вазифада самарали ишлаган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, 1982-1989 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси вазифасини бажарган муфтий, Шамсуддинхон Бобохонов, 1989-1993 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, 1993-1997 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси номи билан фаолият юритган диний идорамиз раиси, муфтий Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий, 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган Абдурашид қори Абдумўмин қори ўғли Баҳромов ҳамда 2006-2021 йиллар мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлган Усмонхон Алимов раҳимаҳумуллоҳларни динимиз ва ислом аҳли учун қилган буюк ишларини ёд этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қиламиз.
Шунингдек, кўҳна Самарқанд заминида биз билан замондош бўлган, бугун дорул бақога риҳлат қилган устоз, уламо, имом, дин ходимлари ҳам аҳли ислом томонидан ҳар доим дуолар билан ёд этилади. Самарқандлик аҳли илмларнинг устози ҳожи Мустафоқул Меликзода, забардаст имомларимиздан Нуруддинхон Исломов, қори Султонмурод Холмуродов, Абдураҳмон домла, Иштихон фарзанди Алижон домла, Имом Бухорий масжидидида кўп йиллар хизмат қилган Мақсуджон биродарларимизни Аллоҳ таоло охиратларини обод қилсин.
Ўтганларимизни руҳини шод этиш, оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, ислом шариати биз авлодлар зиммасига юклаган, қилишимиз лозим ва лобуд бўлган қарз ва фарз амаллардандир. Мусулмонларнинг энг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб марҳумларни ҳақларига дуо қилишни сабоқ бергани сингари: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, дея дуолар қиламиз.
Авлодларининг келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси